Россия ҳукумати украинлар Wildberries ва Ozon маркетплейсларига зарба беришини кутмаганди, деди Владимир Путин «Деловая Россия» қурултойида чиқиш қилиб.
«Сиз айтган муаммолардан хабарим бор – афсуски, биз душманнинг ҳам Wildberries, ҳам Ozon платформаларига нисбатан ҳаракатларига дуч келдик. Дарвоқе, улар доим шундай қадамларни ташлайдиларки, очиғини айтганда, биз буларни олдиндан кўра билишимиз керак эди. Аммо биз улар бу даражага бормайди деб ўйлагандик», – деди Путин. У Wildberries асосчиси Татяна Кимнинг Украинанинг компания омборларига берган зарбалари ҳақидаги чиқишига шундай муносабат билдирди.
У сўзида давом этиб, Россия бундай зарбаларга «жавоб қайтаришни бошлагач», Украина томони «ҳомийларининг олдига чопиб, [Россияга] таъсир кўрсатиш ва тўхтатишни ёлвориб сўраши»ни айтади. У энергетика объектлари бўйича ҳам худди шундай ҳолат такрорланганини таъкидлайди. Шу билан бирга, Украинанинг Россиядаги нефтни қайта ишлаш заводлари бўйлаб йўллаган сўнгги зарбалари «жиддий бўлмагани»ни қўшимча қилган.
Путин Россия аллақачон бу ҳужумларга жавоб қайтаришни бошлаганини қайд этган: «Улар биринчи бўлиб қадам ташлади. Биз жавоб қайтаришни бошладик. Ҳозир у томонда энергетика бўйича ҳам, бошқа объектлар, жумладан, маълумотларни қайта ишлаш марказлари ва шу кабилар юзасидан ҳам дод-вой солишяпти. Буни уларнинг ўзи бошлади. Бошламаслик керак эди. Бу қадамни қўйишдан аввал унинг оқибатлари ҳақида яхшилаб ўйлаб кўриш лозим эди».
«Агентство» бу Путин маълумотларни қайта ишлаш марказлари бўйлаб зарбалар юзасидан илк бор муносабат билдириши эканини қайд этган. Шу билан бирга, контекстдан у қайси томоннинг зарбаларини назарда тутгани тушунарсиз: Украина қуролли кучларининг «Яндекс» ва Сбернинг маълумотларни қайта ишлаш марказларига зарбалариними ёки Россиянинг шу каби ҳужумлариними.
Сентябр ойида Россия Украинадаги бир неча дата-марказларга ҳужум қилган, Россия мудофаа вазирлиги эса Киевга «рақамли детокс» билан таҳдид қилганди. 10 октябр куни, Украина қуролли кучларининг «Яндекс»га ҳужумлари бошланганидан сўнг, Россия Украинанинг Tenet провайдерининг Одессадаги дата-марказига ва Киевдаги «Укрсиббанк АТМ»га зарба берди.
13 октябр куни президент матбуот котиби Дмитрий Песков Россиядаги дата-марказларга ҳужумлар мавзуси ҳукуматда муҳокама қилинганини айтди. Кейинги куни Путин киберхавфсизлик масалалари бўйича йиғилиш ўтказди.
Тадбирнинг очиқ қисмида Путин йиғилиш иштирокчиларидан «рақамли хавфсизлик даражасини ошириш имконини берадиган» таклифларни кутаётганини айтди. У «тўғридан тўғри ва гибрид ташқи тажовуз фонида» кибертаҳдидлар янги босқичга кўтарилаётганини таъкидлаган. Шу билан бирга, дата-марказларга зарбаларни тилга олмаган.
















