Ўзбекистон | 11:09 / 26.11.2025
5084
3 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонга шахсий эҳтиёж учун товар олиб киришдаги лимитлар қайта кўриб чиқилади

Ўзбекистонга самолётда, поездда, автомобилда ёки пиёда келувчилар ўз шахсий эҳтиёжлари учун олиб келаётган товарларини божсиз олиб кириши нормалари тўлиқ қайта кўриб чиқиладиган бўлди. Бу нормалар жорий йил 1 майдан кескин камайтирилган эди. Қайта кўриб чиқиш – маиший техникаларни 6 ойда фақат 1 марта божсиз олиб кириш тартибига ҳам тааллуқли бўлиши мумкин.

Фото: Kun.uz

Ўзбекистонда шахсий эҳтиёж учун республикага олиб кириладиган товарларнинг божсиз олиб кириш нормалари тўлиқ қайта кўриб чиқилади.

Бу – 25 ноябр куни имзоланган “Қонунчиликдаги ҳуқуқий бўшлиқларни бартараф этиш ва тартибга солиш юкини камайтириш тўғрисида”ги президент фармонида белгиланди.

Фармон Адлия вазирлиги томонидан ишлаб чиқилган бўлиб, божсиз лимитларга оид топшириқ ушбу фармон билан тасдиқланган “йўл харитаси”да кўрсатилган.

Шу тариқа, Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 19 апрелдаги қарори билан кучайтирилган чекловлар ўзгариши мумкин.

Бу қарорга кўра, жорий йил 1 майдан эътиборан, фуқаролар ўз эҳтиёжлари учун божсиз товар олиб кириш нормалари қуйидагича:

  • ҳаво транспортида – 1000 доллар (1 майгача 2000 доллар эди);
  • темирйўл ва дарё транспортида – 500 доллар (1 майгача 1000 доллар эди);
  • автомобил (пиёда) ўтказиш пунктлари орқали – 300 доллар (ўзгаришсиз қолди);
  • халқаро курьерлик жўнатмалари орқали – бир ойда 200 доллар (1 майгача бир чоракда 1000 доллар эди);
  • халқаро почта жўнатмалари орқали – 100 доллар (ўзгаришсиз қолди).

Бундан ташқари, 20 июлдан эътиборан, темирйўл ва автомобил ўтказиш пунктлари орқали нотижорат мақсадларда товарларни олиб кираётган шахслар хорижий давлатда 2 кундан кам муддат бўлганда, ҳаво транспортида эса 3 кундан кам муддат бўлганда, божсиз олиб кириш нормалари қўлланилмайдиган бўлди.

Шу тариқа, хорижга 1-2 кунга чиққан ватандошлар ўзи учун бирор бир буюм олиб кираётган бўлса, бу буюмнинг қийматидан қатъи назар, бож тўлашга мажбур бўлмоқда.

Эслатиб ўтамиз, 2018 йилдан буён амал қилиб келаётган ҳукуматнинг бошқа бир қарори асосида, Ўзбекистонга пиёда, автомобилда ёки темирйўлда келувчилар учун маиший техникалар, компютерлар ва ошхона идишлари учун миқдорий чекловлар ҳам амал қилиб келмоқда.

Унга кўра, совуткич ёки кондиционерни 6 ойда 1 марта божсиз олиб ўтиш мумкин. Бу норма 2018 йилда бир муддат 1 ойда 1 марта бўлган, кўп ўтмай чеклов кучайтирилиб, 6 ойда 1 марта деб белгиланган.

Тайёрлаган:  Комрон Чегабоев

Мавзуга оид