АҚШнинг 47-президенти лавозимига киришган Доналд Трамп Конгрессда ўтказилган инаугурация маросимидан кейиноқ ноқонуний мигрантларни депортация қилиш ва қатъий миграцион тизим жорий этишга ваъда берди.
Миграцион сиёсатга алоҳида эътибор қаратишини қайд этган Трамп, мамлакат чегарасидаги вазиятни «босқин» деб баҳолади ва АҚШ тарихида мисли кўрилмаган оммавий депортацияларни амалга оширишини маълум қилди.
Унинг сўзларига кўра, янги ташаббус барча ноқонуний мигрантларга тааллуқли эмас, фақат жиноий ўтмишга эга 500 минг шахсларни қамраб олади. Бу кўрсаткич 2013 йилда Барак Обама маъмурияти даврида депортация қилинган 430 минг кишилик рекорддан ҳам ошиб кетади.
Трамп Ҳаити ва Судан каби мамлакатлардан келган қочқинларни ҳимоя қилиш чораларини бекор қилиш ва аввал фақат жиддий жиноятчиларни депортация қилишга қаратилган сиёсатни қайта кўриб чиқиш ниятида. Бу пандемия даврида қўлланилган усуллар ёрдамида мигрантларни тезда чиқариб юбориш имконини беради.
Трамп ўз нутқида ноқонуний мигрантларни «жиноятчилар» деб атади ва уларнинг мамлакатга суд ишларини кутиш жараёнида кириб келишини тақиқлаш учун янги фармон чиқариш ниятида эканлигини қайд этди.
Жумладан, республикачилар томонидан «тут ва қўйиб юбор» сиёсатини тугатиш таклифи ҳам Трампнинг устувор режалари қаторидан ўрин олган. Бу ноқонуний мигрантларни судгача қўйиб юбориш амалиётига чек қўяди.
Президент чегарада фавқулодда ҳолат эълон қилишни ҳам режалаштирмоқда. Бунинг учун АҚШнинг жанубий чегарасида қўшин жойлаштириш ниятида эканлигини ҳам маълум қилди. Трампнинг таъкидлашича, бу каби қатъий чоралар мамлакат хавфсизлигини таъминлаш учун зарурдир.
«Мен жанубий чегарамизда фавқулодда ҳолат эълон қиламан. Чегарани ноқонуний кесиб ўтишларга барҳам берилади. Ноқонуний мигрантларни ўз ватанларига депортация қилишни бошлаймиз», деган Трамп.
Трамп Венесуэладаги Tren de Aragua жиноий гуруҳини алоҳида тилга олди.
«Булар ёвуз одамлар ва улар бизнинг мамлакатдан ҳайдалади», — деди Трамп. АҚШнинг янги президенти ҳукуматга чет эл жиноий гуруҳларини йўқ қилиш учун барча ваколатларни ишлатиш бўйича кўрсатма беришини айтган.
Митингда, шунингдек, «дастлабки 100 кунликдаги энг кенг қамровли чора-тадбирлар» ҳақида ваъда қилинди. Президент маъмуриятининг биринчи кунида бир нечта фармонлар имзолаши ҳақида маълум қилди.









