Бугунги мураккаб вазиятда дунё тинчлиги, хавфсизлик ва барқарорлик давлатлар ҳамда миллатларнинг ўзаро ишончи, ҳамжиҳатлиги ва дўстона алоқаларни мустаҳкам ўрнатишига боғлиқ бўлиб қолди. Ижтимоий-сиёсий, маданий-иқтисодий муносабатларнинг ижобий ўзанда ривожланишигина глобал муҳитда, интеграцияланган шароитда яшашга кўникиб улгурган инсониятни бугунги танг вазиятдан олиб чиқиши мумкин. 1991 йилда мустақил давлат сифатида дунё саҳнасига чиққан мамлакатимиз президенти Ислом Каримов бошчилигида ана шу йўлдан, яъни тенглик, дўстлик ва ҳамжиҳатлик тамойилларига асосланган сиёсатни юритган ҳолда дадиллик, қатъият билан олға интилмоқда. Шу вақтга қадар кўплаб маротаба юртимиз ҳар қандай можаро, зиддият ва инқирозларни тинчлик йўли билан, умуминсоний мезонлар, халқаро қонун-қоидалар асосида ҳал этиш тарафдори экани маълум қилинган ва мана шу позиция собитқадамлик билан ҳимоя этилмоқда.
Жанубий Корея ҳам худди шу йўлда тобора тараққий этиб бораётган яна бир тинчлик, эзгулик ва ҳамжиҳатлик мамлакати ҳисобланади. Таъкидлаш жоизки, ўзбек ва корейс миллатларининг ўхшашлик, умумийлик жиҳатлари бисёр. Бизларни тил жиҳатдан Олтой тиллар оиласи бирлаштириб турган бўлса, ҳудуд жиҳатдан бир қитъа, бир минтақа – Евроосиё ва шарқ умумийлаштириб туради. Тарихий, маданий жиҳатдан ҳам кўплаб уйғунликларни кўриш мумкин. Жафокаш корейс халқи ҳам ўзбеклар сингари ўтмишда кўп бор босқинчилар зулми остида яшашга, уларга қарши қон ва жон курашини олиб боришга мажбур бўлган. Ана шундай қийинчиликлар эвазига бўлса керак, корейслар ҳозирги тинч ва фаровон муҳитда ҳам ўзларининг меҳнатсеварлиги, тиришқоқлиги билан ажралиб туради, янгиликларга қўл уриб, турмуш тарзини янада фаровонлаштиришга интилиб яшайди.
Юртимиз мустақилликка эришганидан кейин Жанубий Корея 1991 йил 30 декабрда Осиё — Тинч океан минтақаси давлатлари орасида биринчи бўлиб Ўзбекистон мустақиллигини тан олди. 1992 йилнинг 29 январь куни эса икки мамлакат ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилди. Шу кундан буён Ўзбекистон ва Жанубий Корея ўртасидаги муносабатлар ҳар бир соҳада ижобий руҳда, муваффақиятли тарзда ривожланиб бораяпти.
1992 йилнинг 19 июнида Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов Корея Республикасига давлат ташрифи билан борди. Мазкур ташриф икки мамлакат, икки миллат ўртасидаги иқтисодий, савдо, маданий-техникавий алоқаларга асос солди. Айнан мана шу сафар вақтида “Ўзбекистон ва Жанубий Корея ўртасида давлатлараро муносабатлар ва ҳамкорлик тўғрисида”ги деклорация имзоланди. Савдо-иқтисодий айирбошлаш, Ўзбекистон иқтисодиётини ривожлантиришга маблағ сарфлайдиган Жанубий Корея ишбилармонларига бериладиган кафолатлар тўғрисидаги қатор шартномалар имзоланди. Маданият, таълим, оммавий ахборот, саёҳат, спорт соҳаларида ҳамкорлик қилишнинг узоқ муддатга мўлжалланган режалари белгилаб олинди. Жанубий Кореядаги ДЭУ корпорацияси раҳбарлари билан Андижон вилоятининг Асака шаҳрида автомобиль заводи қуришга келишиб олинди.











