БМТ Бош Ассамблеясининг 1993 йил 20 декабрдаги (№A/DEC/48/432)  резолюциясига биноан 1994 йилдан бошлаб  ҳар йили 3 майда Жаҳон матбуот эркинлиги куни (БМТнинг расмий тилларида: русча-Всемирный день свободы печати, инглизча World Press Freedom Day, испанча Día Mundial de la Libertad de Prensa, французча Journée internationale de la liberté de la presse) нишонланади. Бу борадаги қарор БМТ Иқтисодий ва Ижтимоий Кенгашнинг тавсиясига биноан қабул қилинган. Ундан аввал эса ЮНЕСКО Бош конференциясининг 26 сессияси  3 майни Жаҳон матбуот эркинлиги куни сифатида нишонлаш керак деган таклифни илгшари сурган эди. Бу сананинг танланиши бекорга эмас. 1991 йилнинг 3 май куни Намибияда Африка матбуотини ривожлантириш масалаларига бағишланган семинар бўлиб ўтиб, унда Декларация қабул қилинган эди. Аньанага биноан ҳар йили Жаҳон матбуот эркинлиги куни муносабати билан БМТ бош котиби  мурожаат билан чиқади.         

Авторучка, ёзув машинкаси, қоғозлар, оддий телефон ва халқ тилида магнитофон, радиожурналистлар тилида репартёр деб аталувчи техникалар ўрнини мобил телефонлари, компьютер, ноутбук, цифрли диктафонлар эгаллади. Журналистлар меҳнати анча енгиллашди. Замонавий технолигиялар журналистикани “тош асри”дан олиб чиқди ва бу соҳани бутунлай ўзгартириб юборди. Бироқ ОАВнинг холис, тўғри ахборот тарқатиш борасидаги масъулияти ўша-ўшалигича қолиши керак эди. Аммо минг афсуски, бундай бўлмаяпти. Радио ва телевидения пайдо бўлганидан кейин дунё ўзгариб кетди. Интернет пайдо бўлиши билан эса бутунлай ўзгарди. Информация озчиликнинг эмас, барчанинг мулкига айланди.

Айрим холларда ОАВ одамларга салбий таъсир кўрсатишидан кўз юмиб бўлмайди. Буни биз дунёда юз бераётган ходисаларнинг нотўғри талқин қилинган холда ёритилаётганидан кўриб билиб турибмиз.
“Ахборот асри” деб ном олган ҳозирги даврда ахборот энергия манбалари, табиий бойликлар қаторида стратегик ресурсга айланмоқда. Мутахасислар бир овоздан, ахборот тараққиётнинг бош омилига айланганини қайд қилишмоқда. Бу эса ахборот маконидан ва оммавий ахборот воситаларидан турли кучларнинг сиёсий ва геосиёсий вазифаларни хал қилиш учун “куч ишлатиш йўли” билан эмас, балки бошқача йўл билан фойдаланишга имкон берамоқда. Ахборотнинг жамият хаётидаги роли мислсиз даражада ўсишини башорат қилган немис файласуфи Освальд Шпенглер ХХ аср бошларида “Европа инқирози” асарида ёзганидек, бугунги кунда “жаҳоннинг икки ёки уч газеталари провинциал газеталарнинг фикрини ва уларнинг ёрдамида “халқ иродасинини йўналтириб” турибди. Журналистлар кўпдан бери қарийиб ҳар бир низонинг учинчи томонига айланиб қолдилар. Унинг натижалари кўп жихатдан ОАВнинг қайси томонни қўллаб-қувватлашга мойиллигига боғлиқ. Олимлар урушга муносабатнинг ўзгарганини айтишар экан, қуролнинг янги тури кашф қилинганлигини таъкидлашмоқда. Бу қурол - ахборотдир. Бундай қурол ёрдамида инсоннинг онги ва қалби нишонга олинади. Бу қурол ёрдамида онгга берилган зарбалар кишини адаштиради, уни ўз манфаатларига зид ҳаракат қилишга ундайди. Шу тариқа нафақат миллат турмуш тарзи, балки унинг яхшилик ва ёмонлик, оқ ва қора, савоб ва гуноҳ, рост ва ёлғон хақидаги тасаввурлари ҳам ўзгаради. Ахборот жараёнларининг ҳозирги низоларнинг боришига таъсирини ўрганаётган тадқиқотчиларнинг фикрича, ҳамма нарса ОАВларини назорат қилиб турувчи оз сонли кишилар томонидан ҳал этилади.