Ўзбекистон | 00:03 / 13.05.2016
122672
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда дронлардан фойдаланиш учун 10 йилга қамаш таклиф қилинди

"Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодекси ва Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга ўзгартиришлар киритиш ҳақида"ги қонун лойиҳаси Ягона интерактив давлат хизматлари порталида муҳокама учун жойлаштирилди.

Ҳужжатда мамлакат ҳаво ҳудудидан ноқонуний фойдаланиш учун маъмурий ва жиноий жавобгарликни киритиш кўзда тутилган.

Ҳаво ҳудудидан, жумладан учувчисиз парвоз қурилмаларидан  ноқонуний фойдаланиш 100 дан 200 гача минимал иш ҳақи миқдорида жарима тўлаш кўринишидаги маъмурий жавобгарлик ёки қоидабузарлик буюмларини мусодара қилиш билан 15 кунга ҳибсга олишга олиб келади.

Агар бу қоидабузарлик жарима тўлангандан кейин такроран содир этилган ёки ўз ортидан ўртача оғирликдаги жароҳат ёки оғир жароҳатга олиб келган бўлса, унда айбдор одам 2 йилгача ахлоқ-тузатиш ишлари ёки 3 ой ҳибсга олиниш кўринишидаги жиноий жавобгарликка тортилади.   

Одамнинг ўлимига олиб келган дронлар билан ҳаракатлар 3 йилгача ахлоқ-тузатиш ишлари ёки 2 йилдан 5 йилгача эркинликни чеклаш ёки 5 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади. Қурбонлар, фожиа ёки бошқа оғир оқибатларга олиб келган ҳаракатлар 5 йилдан 10 йилгача озодликдан маҳрум этишга олиб келади.   

Ўзбекистонга дронларни олиб кириш, сотиш ва улардан фойдаланиш 2015 йил 1 январдан тақиқлаб қўйилган.

Мавзуга оид