Улар тўртта эди - биттаси қолди
Не тонгки, тўртта азаматдан иборат мўжаз карвондаги жамоаларимиздан фақат биттагинаси манзил сари ҳали ҳам йўлда давом этяпти. Қолган уччовлон ОЧЛ Кубоги дея аталмуш чўққининг ўнқир-чўнқир йўлларидан аллақачон тушиб қолган.
“Бунёдкор” илк ўйинида ўйноқлаб берган бўлсада, кейин нафаси ичига тушиб, ҳарсиллаганича араб ва форс жамоаларига талаш бўлди.
“Пахтакор” ўғлонлари эса ёш ва тажрибасизлиги боис, кеч уриниб, энди томошабинга айланган.
Қаршиликларнинг гуруҳ босқичида кўрсатган мазмунли ва сифатли ўйинлари кўзни қувонтиргани, бор гап. Лекин, самара бўлмади. Кўрдик, Рўзиқул Бердиев шогирдларининг савияси Осиёдаги етакчи клубларникидан ҳеч кам эмас экан. Насиб қилса, “Насаф” ҳали сариқ қитъада, албатта ўз сўзини айтади.
Ҳайриятки, “Локомотив” улоқчи чавандозлар тўдасидан чиқиб, саралар орасида соврин талашаётгани кўнглимизни кўтармоқда. Жамоамизнинг ҳаракатлари худди номига яраша. Биласиз, “поезд жонивор” тезликни секин олгани билан кейин жадаллашиб боради. Гуруҳнинг аввалидаги икки ўйинда кўримсизгина дуранг қайд этган темирйўлчилар, илк станцияга ўз вақтида келдилар. Бугун, “қариялар” тажрибаси ва ёшлар шижоати уйғунлашган “Локо”га имкониятлар эшиги жуда ланг бўлмасада, ярим очилиб турибди. Барчаси уларнинг ўзларига боғлиқ.
Биринчи ўйин телетрансляцияси давомида шарҳловчи Мурод ака Ризаев “Ал-Ҳилол”ни кўкларга кўтариб, мухлислар руҳини тушириб ташлади. Яхшиямки, унинг шарҳини майдондаги футболчилар эшитмайдилар. Шахсан мен, ўша алқалган араб жамоаси сафида бирорта кучли ўйинчини кўрмадим. Ўша куни фақат битта футболчи мақтовларга лойиқ эди. У ҳам бўлса посбонимиз – Игнатий Нестеров. Ажаб, шундай пайтлар келибдики, араб жамоалари номининг ўзи ҳам бизникиларни таҳликага соладиган бўлиб қолибди... Бироқ, “Локо” осонгина “оқ байроқ” кўтариб қўймади. Керак бўлса, ўша куни араблар бизнинг жамоа вагонида Жепаровнинг йўлидан юришди.
Ҳўш, бугун нима бўлади? Сафарда гол ўтказмаган темирйўлчилар миллионлаб мухлислар кўнглини олшга ҳаракат қиладими? Ҳар икки саволга жавобни кеч оқшом билиб оламиз. Фақат, битта ўтинч бор. Шу оқшом пойтахт мухлислари стадионни тўлдириб беришса зўр бўларди-да...
Бугун ишқибозлар кўмаги “Локо”га жуда зарур. Ҳар қандай юрт футболининг савияси ҳалқаро ўйинларда билинади. Демак, бугун “Локомотив” мамлакат шаъни учун ҳаракат қилиши лозим.
Барча ишқибозлар севимли жамоамиздан ғалаба кутади. ОЛҒА “ЛОКОМОТИВ!”
Равшан Ҳамроздан:
Азалда йўрғалаб, сўнг чопган отни,
Маррага энг аввал борар дейдилар.
Бизнинг “Локомотив” – “темир отимиз”,
Янги марра сари нақд ила борар.
Ғалабалар сари қадам ташланг шаҳд
Бутун Ўзбекистон тилайди омад!
Элмурод ЭРМАТОВ, Равшан ҲАМРОЗ. Андижон.
Мавзуга оид
13:50 / 02.11.2024
«Пахтакор» метро бекатининг эскалатор ўрнатилган томони вақтинча ёпилади
17:54 / 01.11.2024
«Насаф» – ўз тарихида илк бор Ўзбекистон чемпионига айланиб, Тошкент клубларининг 23 йиллик гегемонлигига чек қўйди
00:00 / 24.10.2024
ОЧЛ-2. «Насаф» Иорданияда мағлубиятга учраб, гуруҳида 3-ўринга тушди
23:07 / 21.10.2024