2016 йилнинг энг яхши кўзбойлағичлари аниқланди
Американинг Neural Correlate Society нотижорат ташкилоти инсон онгининг атрофдаги жараёнларни қабул қилишига оид илмий натижаларни ташвиқот қилиш билан шуғулланиб, ҳар йили «Йилнинг энг яхши иллюзияси» номли танлов ўтказиб келади. Июнь ойи охирида, у ўзининг YouTube саҳифасида, 2016 йилги танлов финалчиларининг ишларини жойлаштирди.
1. Ўзгарувчан цилиндрлар -Япониянинг Мэйдзи университети олимларининг изоҳсиз тушунарли бўлган, бироқ анча самарали кўзбойлаши
2. Қуш билан амалга оширилган зоотроп. Зоотроп — кинопроекторнинг прототипи бўлиб, аслини олганда ўзига хос кўзбойлаш воситасидир. Аммо, сингапурлик олимлар уни бирмунча такомиллаштиришнинг уддасидан чиқишди. Одатда, цилиндр ичига суратларнинг турли ҳаракатлардаги тасвири чизилиб, у айлантирилганда суратлар ҳаракатлана бошлайди. Янги ҳолатда, суратлар цилиндрнинг ташқи томонига жойланган. Шунга қарамай, томошабин кўз ўнгида қуш қафас ичига тушгандек кўринади.
3. «Ички ўрнатилган» ҳаракат - америкалик олимлар ҳам осиёлик ҳамкасбларидан четда туришни хоҳлашмаган шекилли, оқ ва қора чизиқларнинг ҳаракатини ажойиб усулда амалга оширишган.
4. Меллюзия - бу шамол тегирмонлари билан амалга оширилган иллюзиядир. Улар бир қарашда турли томонга ҳаракатланаётгандек кўринади, аслида эса ундай эмас. Бу бельгиялик олимлар маҳсули.
5. Турли тусли пуфаклар. Бу кўзбойлашни илғаш учун мониторга яқинроқ жойлашиб олиш керак. Агар турлиўлчамдаги кулранг шарчалар тезлик билан бир хил ўлчамдаги, бир неча доираларга эга рангли шарчаларга алмаштирилса, инсон кўзига кулранг шарчалар ўрнига турли ўлчамдаги пуфаклар пайдо бўлаётгандек туюлади.
6. Рақсга тушаётган ҳарфлар. Айтиш жоизки, британиялик олимларнинг бу иллюзияси унчалик ҳам мураккаб эмас. Бир қарашда ҳарфлар ҳаракатланаётгандек туюлади, аслида улар шунчаки тусини ўзгартиришмоқда.
7. Фаза-аксилфаза. Маълум бир шароитларда, аксилфазада ёниб-ўчиб турган тўғрибурчак бир вақтда ёнаётгандек тасаввур уйғотади.
8. Қисқарган бармоқ - бу иллюзия шунга асосланганки, маълум бир бурчак остида турган нарсанинг ярми унинг бутунидек кўринади. Агар стол тенниси шарчасини ўрта бармоққа кийдирилса, бармоқ кичрайиб қолгандек тасаввур пайдо бўлади.
9. Маълум ва машҳур бўлган контрастли иллюзиянинг янгича талқини. Агар фотосуратнинг ёрқин жойлари қорайтирилса, сўнгра аввалги нусханинг қора жойлари ёритилса, бирхил тусдаги сурат бир-биридан фарқ қилиб қолади.