Иқтисодиёт | 12:47 / 18.07.2016
6972
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон банклари фаол маблағлари 73,4 трлн сўмга етди

Ўзбекистон Республикаси тижорат банкларининг умумий капитали ўтган йилнинг 1 июль ҳолатига нисбатан 23,3 фоиз ошиб, 2016 йил 1 июль ҳолатига кўра, 8,6 трлн. сўмни ташкил этди. Бу, банк тизими капиталининг етарлилик даражаси белгиланган халқаро меъёрлардан қарийб 3 баробар кўпдир.

Банк тизимининг жорий ликвидлик даражаси эса бир неча йилдан буён 64,5 фоиздан юқори бўлиб, бу кўрсаткич ҳам жаҳон амалиётида умумқабул қилинган минимал даражадан 2 баробар ортиқдир. Умуман, тижорат банклари активлари ўтган йилнинг 1 июль ҳолатига нисбатан 25,1 фоиз ўсиб, бугунги кунда 73,4 трлн. сўмга етди, деб хабар қилмоқда Марказий банк ахборот хизмати. 

Ярим йиллик натижалари, банкларнинг кредитлари мамлакатимиз иқтисодиётини ривожлантиришда катализаторлик қилаётганини исботламоқда.

Хусусан, ҳисобот даврида иқтисодиётнинг реал секторига йўналтирилган кредитларнинг умумий ҳажми ўтган йилнинг 1 июль ҳолатига нисбатан 26,2 фоиз кўпайиб, 2016 йилнинг 1 июль ҳолатига кўра, 48 трлн. сўмдан ошиб кетган.

Банкларнинг инвестиция мақсадларига ажратилган инвестицион кредитлари ҳажми 5,8 трлн. сўмни ташкил қилди ва бу кўрсаткич 2015 йилнинг шу даврига нисбатан 1,2 баробар ошиқ бўлди.

Кичик бизнес субектларига ўтган олти ой давомида 8,3 трлн. сўм ҳажмида кредитлар ажратилган. Бу кўрсаткич 2015 йилнинг шу даврига нисбатан 1,3 баробар кўпдир.

Сўнгги ҳисоботга кўра, кредитлаш шартлари бўйича кейинги уч йилда мамлакатимиз рейтинги 112 поғонага, яъни 154-ўриндан 42-ўринга кўтарилди.

Хусусан, ушбу кўрсаткич бўйича юқорилаш 2013 йилда 24 поғона, 2014 йилда 25 поғона ва 2015 йил якуни бўйича 63 поғонани ташкил этди.

Мавзуга оид