Юридик коллежга киритаман деб пора олган фирибгар аёл қўлга тушди
Сурайё (исм-шарифлар ўзгартирилган) май ойининг ўрталарида Мирзо Улуғбек туманидаги “Бўз” бозорига мева ва сабзавотлар харид қилиш учун борди. У ерда таниши Эминни кўриб қолиб, у билан ҳол-аҳвол сўрашгач, қизининг ўқиши масаласида гаплашиб қолишди.
Худди ўша куни Гўзалбека ҳам худди шу бозорга борганди. Тасодифан Сурайёнинг гапларини эшитиб қолиб, уларнинг суҳбатига аралашди:
— Узр, гапларингизни эшитиб қолдим. Қизингиз қаерда ўқийди? Қайси ўқишга ўтказмоқчисиз?
— Ўзингиз қаерда ишлайсиз? Ростдан ҳам бизга ёрдам бероласизми? — дея ажабланди Сурайё.
— Олий ва ўрта-махсус таълим вазирлиги, ўрта-махсус касб-ҳунар таълими марказида ишлайман. Қизингизнинг ўқиши масаласида ёрдам бероламан.
— Қизим Мўътабар Яшнобод туманидаги “Хотин-қизлар” коллежида ўқийди. Бироқ уни 2-сонли Юридик коллежига ўтказмоқчимиз.
— Ундай бўлса ҳеч қандай муаммо йўқ. Мен сизга, албатта, кўмаклашаман.
— Турмуш ўртоғим билан маслаҳатлашай, кейин сизга жавобини айтаман, — деди Сурайё.
Шундан сўнг улар бир-бирларига телефон рақамларини беришди.
Сурайё уйига боргач бу ҳақда дарҳол турмуш ўртоғига гапириб берди. Улар маслаҳатлашиб эртаси куни яна “Бўз” бозорида Гўзалбека билан учрашишга келишди. Айтилган вақтда улар учрашишди.
— Қизингиз Мўътабархоннинг ўқишини олий таълим вазирлиги ҳал қилади. У ерда ишлайдиган танишларим кўп. Бироқ мушук ҳам бекорга офтобга чиқмайди. Шунинг учун уларга хизмат ҳақига 500 АҚШ доллари берасизлар.
Унинг гапларига Сурайёнинг турмуш ўртоғи ишонмади. Шунинг учун улар гапларини қисқа қилиб ортларига қайтишди. Аммо онаизор нима қилиб бўлсада тезроқ қизининг ўқишини ҳал қилишни истарди. Шунинг учун у турмуш ўртоғига айтмасдан, ўзининг йиғиб қўйган пулидан 1.600.000 сўмини Гўзалбекага олиб бориб берди. Индинига у яна танишларидан қарз олиб, бу фирибгар аёлга ўз қўллари билан 700.000 сўмни тутқазди.
Июнь ойининг бошларида Сурайё Олмалиқ шаҳрига қайнсинглиси Гулшананикига маракага борди. Қайнсинглиси унинг қизи Мўътабарнинг ўқишлари билан қизиқди. Сурайё эса подадан олдин чанг чиқариб, қизининг ўқишини яқинда юридик коллежига ўтқизаётганлигини, бунинг учун бир аёл билан танишганлигини, пулларини ҳам бериб қўйганлигини айтиб берди.
— У аёл ишончли бўлса мени ҳам таништириб қўйинг. Мен ҳам қизимни юридик коллежига ўқишга киритмоқчиман, —деди қайнсинглиси.
Сурайё унга Гўзалбеканинг телефон рақамини ёзиб берди.
Меҳмонлар ортларига қайтишгач, эртаси куниёқ Гулшана Гўзалбекага қўнғироқ қилиб, мақсадини айтди.
”Бунинг учун 700 АҚШ доллари ва қизингизнинг туғилганлик гувоҳномасини нусхасини олиб Тошкентга келинг, учрашамиз” деди Сурайё.
Шундан сўнг улар келишилган куни “Бўз” бозорида учрашишди. Сўралган долларларни Гулшана ўз қўллари билан Гўзалбекага тутқазди. Кейин хайрлашиб, Олмалиққа қайтди. Афсуски қизининг ўқишидан ҳеч бир натижда бўлмади. Гулшана хавотирланиб, аёлга тез-тез қўнғироқ қилиб турди. Гулшана бўлса унга турли хил баҳоналарни рўкач қилиб, айрим пайтларда телефонини умуман кўтармасдан юраверди.
Сурайё ҳам чув тушганини англаб етди. Шунинг учун у қайнсинглиси билан биргаликда бу ҳақда судга мурожаат қилишди.
Гўзалбека ишнинг бундай тус олишини билмаганлиги учун бироз довдираб қолди. Кейин эса типирчилаб таниш-билишларидан қарз олиб, жабрланувчиларга пулларини қайтарди.
Суд Гўзалбека Абдуносировани 1 йил муддатга Олий ва ўрта-махсус таълим вазирлиги тизимларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилиб, ойлик иш ҳақидан давлат фойдасига 20 фоиз ушлаб қолиш шарти билан 2 йилу 6 ой муддатга ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинлади.
Қилмиш қидирмиш деб шунга айтсалар керакда.
Хонбиби ҲИММАТ қизи, журналист
Мавзуга оид
21:21 / 14.11.2024
АҚШ долларининг мустаҳкамланиши глобал муаммога айланади — The Economist
21:33 / 29.10.2024
Олтинга қизиқишнинг ошаётгани доллар доминантлигига соя солади — FT
19:36 / 24.10.2024
Қозондаги саммитда БРИКСнинг рамзий купюраси кўрсатилди. У рамзийлигича қоладими?
11:30 / 17.10.2024