Ер юзида шундай мамлакатлар бор-ки, мустақилликка эришганига 50 йилдан ошган бўлишига қарамай, у мамлакатларда ҳамон қирғинбарот урушлар давом этмоқда. Халқи оч-наҳорликда, сарсон-саргардонликда умр кечирмоқда. Буни биз Африка мамлакатлари мисолида кўришимиз мумкин.
Ўтган асрнинг 60-йилларини том маънода Африка йили деб аташ мумкин. Ўз мустақилигини қўлга киритган Африка мамлакатлари халқлари ўз келажакларига катта умид билан боқишган эди. Улар яхши ҳаёт бир зумда амалга ошишига ишонишганди. Очиғини айтиш керак-ки, мустақилликка эришган мамлакатлар ўз давлат аппарати, армия ва полициясини шакллантира бошлади. Ўз маданиятини ривожлантириш имконияти пайдо бўлди. БМТ ва бошқа халқаро ташкилотларга аъзо бўлиб кириш орқали мустақиликка эришган мамлакатларнинг халқлари эртанги кунга ишонч билан қадам ташлашди. Ёш давлатлар БМТнинг ихтисослашган муассасалари, хорижий мамлакатлар, халқаро молия ташкилотлари, банклардан ҳар томонлама ёрдам ола бошлади. Шу билан бирга совуқ уруш даврида йирик давлатларнинг Африка мамлакатларига қизиқиши ва таъсири ҳам кучайиб борди. Мустақиликка эришган Африка мамлакатларининг ҳукуматлари ижтимоий-иқтисодий ривожланиш лойиҳаларини йирик давлатларнинг режалари асосида олиб боришга мажбур бўлди. Айрим мамлакатлар капиталистик, айримлари эса нокапиталистик йўлни танлади. Бироқ Африка мамлакатлари учун ҳар икки йўл ҳам ўзини оқлмагандек бўлди. Деярли барча мамлакатларда бекордан бекорга инсонларнинг қони тўкилди. Чунки бу мамлакатларда фуқоролар уруши бошланиб кетди. Бир қатор Африка мамлакатлари мустақил тараққиёт йўлини танлаган бўлишларига қарамай, қашшоқлигича қолаверди. Бунга ҳукумат раҳбарларининг тараққиёт йўлини ўз вақтида ишлаб чиқмагани сабаб бўлгани айтилади. Бу мамлакатларда давлатчилик қурилиши ўта мурккаблик билан кечди.
Африка мамлакатларининг айримларида бош-бошдоқлик юзага келди. Бошқарув аппаратига профессионал бўлмаганлар келиб қолди. Бу, ўз навбатида, бюрократик аппаратнинг самарасиз ишлашига олиб келди. Коррупция авжига чиқди. Маҳаллийчилик юзага келди. Бу аҳолининг бошқарув аппаратига ишончини сусайтирди. Жамиятда фақатгина қуролли кучларгина бирлашган куч сифатида юзага чиқди. Бу, ўз навбатида, ҳарбий тўнтаришларига сабаб бўлди.
Бир қатор мамлакатларда гиёҳванд моддалар ноқонуний савдоси, ноқонуний тарзда олтин ва олмослар қазиб олиш, ҳатто одам савдоси авжига чиқди. Жаҳон Ялпи Ички Маҳсулотида Африка мамлакатлари улуши қисқариб кетди. Аҳоли жон бошига ишлаб чиқариладиган маҳсулотлар ҳам камайди. Мустақиллика эришган давлатлар ўртасидаги чегараларнинг сунъий равишда белгилангани ҳам бир қатор муаммоларни келтириб чиқарди. Шу каби муаммоларга барҳам бериш мақсадида 1963 йилда Африка Бирлиги ташкилоти ташкил этилди. Бироқ шунга қарамай Африкада этник тўқнашувлар юз бериб турди. Африканинг бирор бир мамлакатида юз берган этник тўқнашувлар қитъанинг барча бурчакларида ўзининг акс-садосини берди.












