Ўзбекистон футбол федерацияси президенти Мираброр Усмоновга миллий терма жамоа футболчилари ҳамда мураббийлар штабининг Буркина-Фасога қарши ўртоқлик учрашуви олдидан мадҳияни ижро этиш йўсини ёқмаган.
«Нега футболчилар мадҳияни бунчалар руҳсиз ижро этишади? Менда шундай таассурот пайдо бўлдики, улар мадҳия сўзларини ҳам билишмайди», – деган Усмонов бугун УФФдаги йиғилиш вақтида.
«Бабаян (терма жамоа бош мураббийи - таҳр.) худди дафн маросимида тургандек, худди мадҳия эмас, дафн маросими оҳанглари янграётгандек турди», – дея қайд этган у.
Шу билан бирга у бу гапларни ҳазиломуз оҳангда айтган.
Якунда Усмонов Терма жамоалар маркази директори Асқар Толибжоновга бу борада текширув ўтказишни тайинлаган ва спортчиларни кейинги сафар чин дилдан куйлашга чақирган.
Ўзбекистон миллий терма жамоасининг Буркина-Фасога қарши ўртоқлик учрашуви 24 август куни Тошкентда ўтказилди ва 1:0 ҳисобидаги ғалаба қайд этилди. Ўйиндаги ягона гол Егор Кримец томонидан ўйиннинг 40-дақиқасида урилди.
Манба: Tribuna.uz















