Яқин келажакда бу уч компаниянинг сотувлари икки карра ошиши кутилмоқда. Инвесторлар истиқболли инвестицияларни излаб, кўпинча даромади тез ўсадиган компанияларга эътиборни қаратишади. Одатда бундай фирмалар дивидент тўлашмайди, уларнинг нархи қиммат бўлади ва юқори таваккал хавфига эга. Бошқа томондан, улар акциялар қийматини сезиларли даражада ўсиш билан таъминлашга қодир. Акционерлик компанияси камдан-кам ҳолатларда сотувни бир йилда икки баробарга кўпайтиришга муваффақ бўлади, бироқ шундай ҳолатлар ҳам учраб туради. Insider Pro нашрининг маълум қилишича, Fitbit, Box ва Square 2017 йилда бунга эришишга яқин туришибди.

2015 йилда Fitbit'нинг даромади 1,9 миллиард долларни ташкил қилган, бу унинг даромади 2014 йилга нисбатан (745 миллион) 100 фоиздан ортиқ ўсганини билдиради. Жорий йилда билакка тақишга мўлжалланган фитнес-трекерлар ишлаб чиқарувчиси 2,5-2,6 миллиард доллар ишлаб олиши мумкин ва даромад ҳам шунга мувофиқ 35 фоизга ўсади. Бироқ Fitbit'нинг энг яхши кунлари ҳали олдинда: яқин чоракларда даромад ўсиши кутилганидан аъло бўлиб, сезиларли равишда ортиши мумкин.
Кенг кўламда оладиган бўлсак, сайёрамиздаги ҳар бир ёши катта инсон Fitbit маҳсулотининг харидори сифатида намоён бўлади. Компания смартфон фойдаланувчиларининг муҳим улушига эга бўлиши мумкин. 72 фоиз катта ёшли америкаликларда (тахминан 173 миллион киши) смартфон бор. Аксариятида трекерлар йўқ. Сотувнинг географияси ҳақида гап кетадиган бўлса, компания даромадининг катта улуши (ўтган чоракда тахминан 80 фоиз) Шимолий Америкадан келиб тушади, шу боис халқаро бозорларга чиқиш учун кўп имкониятлар бор. Ўтган чоракда Корея, Япония ва Хитойда расмий сотувлар йўлга қўйилди.
Эҳтимол, Fitbit кучли рақобатга дуч келиши мумкиндир, лекин компания маҳсулотига талаб сақланиб қолса, 2017 ва ундан кейинги йилларда у катта даромадларга эга бўлиши мумкин.

Box компаниясининг хизматларига бўлган талаб юқорилигича қолмоқда. 2015 молиявий йилда маълумотларни булутли сақлаш тизимининг даромади 74 фоизга, 2016 йилда эса 40 фоизга ўсди. Агар компаниянинг прогнозлари амалга ошса, кейинги йилда сотувлар тахминан 30 фоизга ўсади, лекин Box одатда бундан-да ўзиб кетади. Сўнгги ойларда бизнес шиддат билан ривожланиб бормоқда. Ўтган чоракда компания 5 минг нафар янги мижозга эга бўлди (компания учун максимал ўсиш). Июль ойида Box маркетинг бўйича янги директор Кэрри Палинни ишга олди ва савдо ходимларини кўпайтирди. Компания Box for Government ва Box Zones каби янги маҳсулотларни йўлга қўйишда давом этмоқда. Иккиси ҳам ҳукумат ташкилотлари ва географик чекланган бизнес томонидан талаб билан таъминлаб, мақсадли бозорни кенгайтиришга ёрдам беради.









