Ўзбекистон | 15:02 / 29.08.2016
301226
2 дақиқада ўқилади

Лола Каримова-Тиллаева президентнинг аҳволи ҳақида маълумот берди

Ўзбекистон президенти Ислом Каримовнинг иккинчи қизи, “Сен ёлғиз эмассан” хайрия жамғармаси раиси, Ўзбекистоннинг ЮНЕСКОдаги доимий вакили Лола Каримова-Тиллаева ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларида ўз отасининг аҳволи ҳақида хабар бериб, президентнинг ҳолати айни вақтда барқарор эканини билдирган.

"Турли хил гап-сўзларнинг олдини олиш мақсадида бизнинг оилада ўтган ҳафтанинг охирида содир бўлган қайғули воқеа ҳақида ушбу саҳифам орқали сизга маълумот бермоқчиман.

Шанба куни адамлар мияга қон қуйилиш ташхиси билан шифохонага олиб келиндилар. Ҳозир улар реанимация бўлимида тиббий муолажалар олмоқдалар. Ҳозирги пайтда ҳолатлари шифокорлар томонидан барқарор деб баҳоланмоқда. Айни пайтда келгусидаги соғлиқлари борасида қандайдир тахминлар қилишга эрта.

Мен сизлардан турли хил гап-сўзлардан йироқ бўлиб, оиламизнинг шахсий ҳаётига хурмат билан муносабатда бўлишингизни илтимос қиламан.

Ушбу дамларда отамни ўз дуолари билан қўллаб-қувватловчи барча инсонларга ўзимнинг чексиз миннатдорчилигимни изҳор этаман", дейилган фейсбукдаги постда.

Постга қуйидаги фотосурат илова қилинган.

Эслатиб ўтамиз, 28 август куни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримовнинг стационар даволанишда эканини маълум қилди.

“Мутахассисларнинг фикрига кўра, тўлиқ тиббий кўрик талаб этилади”, дейилган хабарда.

Мавзуга оид