Жамият | 01:08 / 30.08.2016
5828
1 дақиқада ўқилади

Ёш хакер Шри-Ланка президентининг сайтини бузиб кириб, ундан имтиҳонларни кечиктиришини талаб қилди

Шри-Ланка полицияси душанба куни мамлакат раҳбари Майтрипала Сирисенанинг сайтини бузиб кирган ва у ерда битирув имтиҳонларини кечиктиришга чақирувчи хабар қолдирган 17 ёшли ўсмирни қўлга олди, деб хабар беради Ассошиэйтед Пресс агентлиги.

"Биз хакернинг ҳужумларини кузатдик ва бу назорат унинг Кадуганаввадаги уйига боришимизга сабабчи бўлди. Сайт дам олиш куни ҳужумдан сўнг ишламай қолди", — дейди маҳаллий полиция вакили.
Хакер сайтнинг асосий саҳифасини ўчириб юборган ва унинг ўрнига сайтда мамлакат раҳбаридан мактаблардаги якуний имтиҳон кунини кечиктиришини ёки истеъфога чиқишини талаб қилувчи хабар қолдирган. 

Исми ошкор этилмаган ўсмир компьютер ёрдамида амалга оширган жинояти учун ҳибсга олинди. Хабар қилинишича, уни 300 минг рупий (2000 доллар) миқдорида жарима, шунингдек, 3 йилгача қамоқ жазоси кутмоқда.

Душанба куни Шри-Ланка президентининг расмий сайти қайта ишга туширилди. 
 

Мавзуга оид