11 ёшли ҳинд қизи Ганг дарёси бўйлаб 570 км сузиб ўтишга отланди
Ҳиндистоннинг Канпур шаҳрида яшовчи 11 ёшли Шраддха Шукла ҳиндистонлик олимпиячиларнинг ғалабаларидан илҳомланиб, миллий рекордни янгилаш мақсадида Ганг бўйлаб 570 км сузиб ўтишга отланди.
Жасур қизчанинг ҳисоб-китобига кўра, Канпур-Варанаси йўналиши бўйича ўтадиган йўлни сузиб ўтиш учун унга 10 кун талаб этилади ва у ҳар куни камида 60 км сузиб ўтмоқчи. Бу эса 13 та олимпия марафонига тенг. Ҳар 4-5 соатда қизчанинг дам олиши кўзда тутилган.
Қизча сузишни бошлашдан олдин ҳеч ҳам хавотирланмаётгани ва бу ноодатий акцияси билан сузишни юртида нафақат оммалаштирмоқчи, балки Ганг дарёсининг аянчли экологик аҳволига жамоатчиликнинг эътиборини қаратишга умид қилаётганини айтган.
Қизчага узоқ йўлида мураббий отаси, шифокор ва 4 нафар ғаввос ҳамроҳлик қилади. Ғаввослар қизчанинг атрофида унга Гангдаги тимсоҳлар ҳамла қилмаслиги учун ҳимоя тўрини олиб борадилар. Қизча тимсоҳлар билан учрашмаслик учун, шунингдек, куннинг ёруғ қисмида, яъни соат 5 дан 19:30 гача сузади.
Қизчанинг айтишича, бундан кейин у Франция ва Буюк Британияни боғловчи Ла-Манш бўғозидан сузиб ўтмоқчи. Сўнгра эса ўз давлати номидан Олимпиадада иштирок этмоқчи.
Шраддхада сузишга иштиёқни унинг бобоси Мунну Шукла уйғотган. Профессионал ғаввос бўлган Шукла ўзининг ягона набирасини сузишга 2 ёшида ўргатган. Ҳозирда қизчанинг синфдошлари уни сув париси деб атайдилар ва ундан сувда ўзини қандай тўғри тутиш ҳақида маслаҳат сўраб турадилар.
Мавзуга оид
12:30 / 17.05.2021
Ганг дарёси бўйида кўмилган юзлаб жасадлар аниқланди
09:16 / 11.05.2021
Ҳиндистонда Ганг дарёси бўйида коронавирус қурбонларининг ўнлаб жасади топилди
10:10 / 04.07.2018
Олимлар дунёдаги энг ифлосланган дарёларни маълум қилишди
20:41 / 04.06.2017