Ўзбекистон миллий терма жамоаси 1 сентябрь куни Жаҳон чемпионати–2018 турнирига саралашнинг учинчи босқичини Тошкентда, Сурия терма жамоасига қарши ўйин билан бошлайди.
«Бунёдкор» стадионида маҳаллий вақт билан 20:00 да старт оладиган Ўзбекистон – Сурия учрашуви олдидан жамоалар ўртасида ўтказилган ўзаро ўйинлар, уларнинг сўнгги баҳсларда қайд этган натижалари ҳамда ўйин расмийлари каби маълумотлар тақдим этилади.
Иккинчи саралаш босқичидаги натижаси
ЖЧ–2018 турнирига саралашнинг иккинчи босқичи H гуруҳидан ўрин олган Ўзбекистон терма жамоаси 8 учрашувдан атиги 1 тасида имкониятни бой бериб, гуруҳда 1-ўрин билан кейинги босқичга йўл олди.
Сурия терма жамоаси Е гуруҳида Япониядан кейин 2-ўрин билан ўз тарихида биринчи бор саралаш босқичининг финал йўлланмасига эга бўлди.
Ўзаро учрашувлар
Ўзбекистон миллий терма жамоаси Сурия билан атиги бир марта – 1996 йилги Осиё Кубоги гуруҳ босқичида учрашган. Ўшанда сурияликлар 2:1 ҳисобида зафар қучганди.
ФИФА рейтингидаги ўрни
Ўзбекистон миллий терма жамоаси айни дамда ФИФА рейтингида 55-поғонадан жой эгаллаб турибди. Осиё мамлакатлари орасида миллий терма жамоа Эрон, Жанубий Корея ва Япониядан кейин тўртинчи ўринда жойлашган.
Сурия терма жамоаси ФИФА рейтингида 105-ўриндан жой олган. Осиё мамлакатлари орасида Сурия Қирғизистон, Ироқ, Уммон, Тожикистон, Баҳрайн каби мамлакатларни ортда қолдирган.
Сўнгги учрашувларда қайд этилган натижалар
Ўзбекистон миллий терма жамоаси сўнгги уч ўртоқлик ўйинида 2 та ғалабага эришиб, 1 та мағлубият қабул қилиб олди.
Канада – Ўзбекистон 2:1
Ўзбекистон – Ироқ 2:1
Ўзбекистон – Буркина Фасо 1:0
Сурия терма жамоаси сўнгги учта ўртоқлик ўйинида иккита дуранг қайд этиб, битта ғалабага эришган.
Таиланд – Сурия 2:2 (7:6 – пенальтилар серияси)
БАА – Сурия 0:1
Тожикистон – Сурия 0:0















