Жафокаш халқимизнинг бошига кўп мусибатлар тушган. Зеро, Аллоҳ таоло суйган бандасига турли синовлар, имтиҳонлар юбориб, унинг иймонини, иродасини пўлатни ўтда тоблагандек тоблаб турар экан. Ўзбекистон халқи ҳам сўнгги асрлар давомида айниқса кўп заҳматлар чекди, мустабид тузумнинг асоратида қолди. Бироқ, эрксевар халқнинг метин иродасини, порлоқ келажакка, ҳурриятга бўлган ишончини ҳеч нарса синдира олмади. Парвардигоримизнинг инояти ила халқимиз ичидан буюк ўғлонлар, асл қаҳрамонлар етишиб чиқиб, Ватан озодлиги, юрт ободлиги йўлида улкан ишлар қилиб, исмлари тарихимизга зарҳал ҳарфлар билан ёзилиб қолди.

Салкам юз йил давом этган истибдод давомида эркидан, динидан, тарихидан, тилидан айрилаёзган халқимизнинг дардига ана шундай улуғ фарзандлардан бири малҳам бўлди. Ҳуррият байроғини баланд кўтариб, дунё харитасига Ўзбекистон деб аталмиш мустақил давлатни пайдо қилган бу инсон Ўзбекистон Республикасининг биринчи президенти, мустақиллигимиз асосчиси, буюк давлат ва жамоат арбоби, Ўзбекистон Қаҳрамони Ислом Абдуғаниевич Каримов эди.

Бу инсонга инсоният тарихида камдан-кам одамларга бериладиган бахт насиб этди. Бу бахт – она халқини зулматдан нурга, қулликдан озодликка олиб чиқиш, уни тараққиёт ва эзгулик йўлига бошлаш, порлоқ истиқбол йўлини кўрсатиб беришдир. Бундай шараф тарихи, ўтмиши буюк халқимизнинг, башариятга кўплаб улуғ зотларни берган заминимизнинг улуғ фарзандларига насиб бўлган эди, Ўзбекистон Республикасининг биринчи президенти Ислом Абдуғаниевич Каримовга ҳам насиб этди. 

Бугун муҳтарам юртбошимизни сўнгги йўлга кузатар эканмиз, у кишининг раҳбарлиги остида босиб ўтилган шонли тарихимизга бир назар ташлаб, эришилган муваффақиятларни сарҳисоб қилсак, у кишининг Ватан олдидаги, эл-юрт тинчлиги ва фаровонлиги йўлидаги буюк хизматларини яхшироқ англаймиз.

Халқимиз мустақилликнинг мураккаб вазиятли дастлабки кунларини, турли фитналар таҳдид солиб турган таҳликали даврларни Ислом Каримов раҳнамолиги остида енгиб ўтиб, тинчлик, бунёдкорлик, тинч-осойишта ва фаровон ҳаёт сари дадил қадам ташлай бошлади. Юртбошимиз ғоят оғир ижтимоий-иқтисодий аҳволга тушиб қолган республикани муқаррар ҳалокатдан сақлаб қолишга, чигал вазиятни қисқа вақт ичида тубдан ўзгартиришга эришди. 

Ҳуррият тонги отиб, истиқлол қуёши чарақлаган сари юртимизда иқтисодий юксалиш, диний эркинлик, бағрикенглик, ўзликни англаш, тикланиш шамоллари эса бошлади. 

Юрт ҳам моддий, ҳам маънавий жиҳатдан обод бўлди: Ватанимизда кенг кўламли ислоҳотлар амалга ошди, иқтисодиётда қатор тармоқлар ривожланди, янгиларига асос солинди, кўплаб саноат объектлари барпо этилиб, ишга туширилди; Рамазон ва Қурбон ҳайитлари дам олиш куни деб эълон қилинди, ибодатлар эмин-эркин бажарила бошлади, янги масжидлар, мадрасалар қурилди, таъмирланди, минглаб юртдошларимиз ҳаж ва умра сафарига отланди. Ҳар бир янги ўқув йилининг бошида мактабга илк қадам қўйган болажонларга Президент совғаси топширилиб, фарзандларимиз юртбошимиз берган қалам-қоғоз билан хат-савод чиқаришди, илм-фан соҳасида, маданият ва спорт соҳасида катта муваффақиятларга эришишди, жаҳон спорт майдонларида улкан ғалабалар қозонишди ва қозонишмоқда.