7 сентябрь куни Сан-Францискода (Калифорния штати, АҚШ) Apple компаниясининг навбатдаги тақдимоти бўлиб ўтади. Унда iPhone смартфонларининг янги моделлари ва Apple Watch "ақлли" соатлари намойиш этилади. 

iPhone - Американинг Apple компанияси ишлаб чиқарадиган сенсор бошқарувли смартфонлар гуруҳи. iPhone қурилмаларини ишлаб чиқариш 2005 йилда компания раҳбари Стив Жобс ва дизайнер Жонатан Айва томонидан йўлга қўйилган. Бу смартфон илк маротаба 2007 йилнинг 9 январида Сан-Францискодаги Macworld кўргазмасида намойиш қилинган, қурилма 2007 йилнинг 29 июнидан АҚШда сотила бошланган. 

iPhone'нинг пайдо бўлиши мобил телефонлар ва гаджетлар бозорига катта таъсир кўрсатган, бунинг натижасида қолган аксарият ишлаб чиқарувчилар ўз қурилмаларини шу смартфонга асосланиб ярата бошлашди. Дастлаб iPhone бошқа смартфонлардан катта ҳажмли сенсор экрани билан ажралиб турарди. Уни яратишда корпусдаги тугмалар сонини имкон қадар камайтиришга қарор қилинган. Шунингдек смартфондан интернет тармоғи ва иловалар дўконига киришни осонлаштириш мақсадида iPhone учун янги iOS операцион тизими ишлаб чиқилган.

Илк iPhone

Илк iPhone 3,5 дюймли диагоналга (115Х61 мм) эга экран, 2 мегапикселли камера, алюминий, шиша, пўлат ва қора пластик элементлари бўлган корпус билан таъмирланган. У иккинчи авлод маълумотлар узатиш стандартлари (GSM, EDG), Wi-Fi ҳамда Bluetooth'ни қўллаб-қувватлаган. Вазни - 135 граммни ташкил қилган. Қурилма 4, 8 ва 16 гигабайт хотира версияларида ишлаб чиқарилган. Бир йил ичида 5,4 миллион смартфон сотилган.  

iPhone 3G ва 3GS

2008 йилнинг 11 июлида  iPhone  қурилмаларининг кейинги - 3G серияси ишлаб чиқарилди. Бу смартфон учинчи авлод мобил тармоқларини қўллаб-қувватлаган, у навигация учун ўрнатилган чипга эга бўлган. 3G серияси оқ ва қора рангларда сотилган. Apple биринчи йилнинг ўзидаёқ тахминан 15 миллион қурилмани сотишга муваффақ бўлган. 

2009 йилнинг 19 июнида iPhone 3GS версияси тақдим этилган. Унинг процессори янада кучли бўлган, 3 мегапикселли камера видео тасвирга ола бошлаган, шунингдек 32 гигабайт хотирага эга версияси ҳам пайдо бўлган. iPhone 3GS бир йилда 30 миллион дона сотилган. 

iPhone 4 ва 4S

2010 йилнинг 24 июнида Apple компанияси iPhone 4 қурилмасини тақдим қилди. Янги смартфон нисбатан ингичка кўринишда чиқди. У 5 мегапикселли камера ва янада кучли процессор билан ишлаб чиқарилди.