УЕФАга янги президент сайланди
Словения футбол федерацияси раҳбари Александер Чеферин УЕФАнинг янги президентига айланди.
Бугун Афина шаҳрида УЕФА президенти сайлови ўтказилди. Унда ташкилотга аъзо 55 мамлакат вакиллари 2 номзод орасидан овоз бериш йўли билан ташкилот раҳбарини аниқлашди.
Сайлов якунига кўра, словениялик Александер Чеферин 42 овоз тўплаб, УЕФА президенти қилиб сайланди. Унга рақиблик қилган нидерландиялик Михаэль ван Прааг 13 овоз олди.
49 ёшли Чеферин 2011 йилдан буён Словения футбол федерацияси раҳбари бўлиб ишлаб келмоқда эди. У энди 2007 йилдан буён УЕФА раҳбари бўлган Мишель Платини ўрнини эгаллади.
Александер Чеферин 1967 йилнинг 13 октябрида Люблянада туғилган. У Любляна университетида ҳуқуқшунослик бўйича таҳсил олган. Аввалига оилавий фирманинг адвокатлик бўлимида ишлаган. Бу фирма профессионал спортчилар ҳамда спорт клубларининг манфаатларини ҳимоя қилиш билан шуғулланган. Кейинроқ у отасидан фирма бошқарувини қабул қилиб олган ва фирма директорига айланган.
Чефериннинг Словения футболидаги фаолияти 2005 йилда, у «Лития» номли футзал клуби билан ҳамкорлик қилишга киришгач, бошланган. 2005 йилда Чеферин «Любляна Лойерс» номли ҳаваскор жамоа директорлар кенгаши таркибига кирган, 2006-2011 йилларда эса Люблянанинг «Олимпия» жамоаси бошқарувида бўлган.
Словенчадан ташқари, Чеферин инглиз ва итальян тилларида бемалол сўзлаша олади. Уйланган, 3 фарзанднинг отаси.
2011 йилда Чеферин Словения футбол уюшмаси президенти этиб сайланган. 2015 йилнинг февралида эса у ўз лавозимига қайта сайланган. Бундан ташқари, у 2011 йилдан буён УЕФА Юридик қўмитасида раис ўринбосари сифатида фаолият кўрсатиб келган.
Мавзуга оид
18:25 / 02.07.2024
“Эрон президентлигига номзодларга аҳоли ишончига кириш учун вақт камлик қилди” — Азим Умидий
14:42 / 22.12.2023
«Қонуний кузир». Суперлига машмашаларининг навбатдаги босқичи ҳақида
23:25 / 21.12.2023
Суд ФИФА ва УЕФАнинг Суперлигани ўтказишга қўйган тақиқини бекор қилди
09:37 / 11.10.2023