Фан-техника | 13:53 / 01.10.2016
5657
2 дақиқада ўқилади

Panasonic эгилувчан батареялар ишлаб чиқарди

Panasonic компанияси "ақлли" гаджетлар ва интернет буюмлари қурилмаларини (IoT) ишлаб чиқариш учун жуда юпқа литий-ион батареяларини намойиш қилди. Батареянинг ишлаб чиқарилганлиги ҳақидаги хабар компаниянинг расмий сайтида чоп этилди. 

Намойиш этилган аккумуляторлар кичик ҳажмга эга - 17,5 мАч'дан 60 мАч'гача (ҳажмига қараб - 28,5х39 мм - 40х65 мм'гача). Қалинлиги бир хил - 0,55 мм. Уларни 40 мм'гача радиусда эгиш мумкин ва икки томонидан 25 даража бўйлаб айлантириш мумкин. 

Аккумуляторнинг корпусини махсус ламинацияланган қобиқ ҳимоя қилади. Panasonic'нинг таъкидлашича, янгилик портатив қурилмаларда қўллаш учун мутлақо хавфсиз. 

Компания ҳозирча янги эгилувчан аккумуляторларни қўллаш мумкин бўлган аниқ қурилмаларни намойиш қилмади. Уларни тақилувчи ёки кўчма гаджетларда (билакузук, соат ва ҳ.к) қўллаш режалаштирмоқда. Panasonic ўзининг янги маҳсулотини 4-7 октябрь кунлари Тиба шаҳрида (Япония) бўлиб ўтадиган CEATEC JAPAN 2016 кўргазмасида тақдим қилиши кутилмоқда.

Мавзуга оид