Жамият | 17:40 / 03.10.2016
10988
2 дақиқада ўқилади

Катта ёшли бемор биринчи марта ОИВдан даволанди

Британиянинг Оксфорд ва Кембриж Университети ҳамда Лондон Қироллик Университети ва коллежи шифокорлари Одам иммунтанқислиги вируси инфекциясидан зарарланган катта ёшли кишини даволашнинг уддасидан чиққанларини маълум қилишди. Бу ҳақда, The Sunday Times нашри ёзмоқда.

44 ёшли британиялик эркак ОИВ хасталигидан тузалган. У, вирусга қарши махсус даволаш курсидан муваффақиятли ўтган биринчи бемор бўлди. Янги усул, олимларнинг сўзларига кўра, ОИВни тананинг фақатгина фаол бўлган эмас, балки барча қисмида таъқиб этиб, йўқ қилиш имконини беради. Тадқиқотлар шуни кўрсатганки, бемор қонидаги вирус шунчалик камайганки, таҳлиллар салбий натижани кўрсатган. 

Стандарт антиретровирусли даволаш фаол зарарланган ҳужайраларга қарши курашади, аммо вирусни юқтирган бироқ фаол бўлмаган бошқа T-лимфоцитларни ўз ҳолига қўяди. Бу эса, бугунги кундаги дорилар ОИВ инфекцияси фаоллигини назорат қила олиши, аммо уни йўқота олмаслигини билдиради. Олимларга кўра, улар таклиф этаётган даволаш услуби синов жараёнида бўлгани сабаб кенг клиник қўллашга мўлжалланмаган.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг 2014 йилги статистик маълумотларига кўра, дунёда 37 млн киши ОИВ вирусини юқтирган. 34 млн киши эса, ушбу хасталик билан боғлиқ ҳолатлар қурбони бўлган. Ҳисобот даврига келиб, ҳар йили 1,5 миллионга яқин инсон асосан бетартиб жинсий ҳаёт кечирувчилар орасида кенг тарқалган вирусдан ҳалок бўлган, 2,2 миллионга яқин одам вирус ташувчиси ҳисобланган. 
 

Мавзуга оид