Ўзбекистонда тадбиркорликни ривожлантириш ва хусусий мулкни давлат томонидан муҳофазасини таъминлашга қаратилган навбатдаги қадам ташланди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти вазифасини бажарувчи Шавкат Мирзиёевнинг “Тадбиркорлик фаолиятининг жадал ривожланишини таъминлашга, хусусий мулкни ҳар томонлама ҳимоя қилишга ва ишбилармонлик муҳитини сифат жиҳатидан яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонига мувофиқ, 2017 йилнинг 1 январидан бошлаб тадбиркорлик субъектларини режадан ташқари текширишларнинг барча турлари бекор қилинади.

Бироқ, юридик шахслар тугатилаётганида, шунингдек, жисмоний ва юридик шахсларнинг қонунчилик бузилганлиги ҳақидаги мурожаатлари асосида Назорат қилувчи органлар фаолиятини мувофиқлаштирувчи Республика кенгаши қарорига мувофиқ ўтказиладиган қисқа муддатли текширувлар бундан мустасно экани қайд этилган. 

Унда таъкидланишича, тадбиркорлик субъектлари фаолиятини, шу жумладан, жиноят ишлари доирасидаги муқобил текширишларнинг барча турлари ҳам бекор қилинади. 

Қуйида ушбу фармон матни тўла келтирилган.

Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликнинг жадал ривожланишини таъминлаш, хусусий мулкни ҳимоя қилиш ва унинг дахлсизлиги кафолатларининг ҳуқуқий механизмларини янада мустаҳкамлаш, тадбиркорликни ривожлантириш йўлидаги бюрократик тўсиқларни бартараф этиш, республикада инвестиция ва ишбилармонлик муҳитини яхшилаш мақсадида:

1. Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликка кенг эркинлик бериш, уларнинг фаолиятига давлат органларининг аралашувини тубдан қисқартиш, ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олди олинишини таъминлаш, уларнинг профилактикаси самарадорлигини ошириш ва ҳуқуқбузарликларга йўл қўйилмаслик тадбиркорлик фаолиятини янада ривожлантириш соҳасида давлат сиёсатининг муҳим устувор йўналиши ва давлат органларининг биринчи даражали вазифаси этиб белгилансин.

Давлат органлари, энг аввало, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат қилувчи тузилмалар:

ўз фаолиятида юқорида кўрсатилган талабни ҳамда тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари устуворлиги тамойилининг сўзсиз амалга оширилишини таъминласинлар;

ўз вазифалари ва ваколатларининг танқидий таҳлили асосида ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, профилактика қилиш ҳамда уларга йўл қўймаслик борасидаги чора-тадбирларни такомиллаштиришга ва уларнинг самарадорлигини оширишга доир асосланган таклифларни икки ой муддатда, белгиланган тартибда киритсинлар;

тадбиркорлик фаолиятига қонунга хилоф равишда аралашганлик ва тўсқинлик қилганлик, уларнинг фаолиятини асоссиз тўхтатиб қўйганлик учун мансабдор шахсларнинг жавобгарлиги тўғрисидаги қонун ҳужжатлари нормалари талаблари қатъий бажарилишини, шунингдек, тадбиркорлик субъектларига етказилган зарарнинг бевосита айбдорлардан ундирилишини таъминласинлар.