Абдурашид Дўстум толибонларнинг пистирмасига дуч келиб жароҳатланди
Афғонистон Ислом Республикаси Президентининг биринчи ўринбосари, Афғонистон Миллий исломий ҳаракати партияси раиси ва Афғонистон туркий миллатлар раҳбари, генерал Абдурашид Дўстум «Толибон» ҳаракати жангарилари қўйган пистирмага тушиб қолган ва жароҳатланган. Бу ҳодиса мамлакат шимолидаги Фарёб вилояти ҳудудида рўй берган. Бу маълумот Афғонистон бош вазири Абдулла Абдулла томонидан ҳам тасдиқланган.
Khaama Press агентлиги маълумотига кўра, генерал Дўстум жангарилар назоратидаги Гормач туманига ўз конвойи билан ҳаракатланаётганида пистирмага дуч келган. Қайд этилишича, у енгил даражада жароҳат олган, унинг ҳаётига жиддий хавф йўқ.
Anadolu агентлиги хабарига кўра, толибонлар ҳужуми оқибатида генерални қўриқлаб бораётган хавфсизлик хизмати ходимларидан 15 нафари ҳалок бўлиб, яна 20 киши жароҳатланган. Дўстумнинг ўзи айтишича, у Фарёбда «Толибон»га қарши ҳарбий ҳаракатлар ҳолатини кузатиш учун бораётганди.
2015 йилда ҳам генерал Дўстум толибонларнинг пистирмасига тушиб қолганди.
2014 йилда Афғонистоннинг янги президенти Ашраф Ғани Аҳмадзай қасамёдидан сўнг икки вице-президент − Абдурашид Дўстум ва Муҳаммад Сарвар Дониш «Афғонистоннинг миллий манфаатлари ва ҳудудий яхлитлигини ҳимоя қилиш» учун тантанали қасамёд қилганди.
Ўзбекистон Миллий Энциклопедияси маълумотларига кўра, Афғонистонда 3 миллионга яқин этник ўзбеклар истиқомат қилади. Улар пуштунлар ва тожиклар билан биргаликда Афғонистоннинг энг йирик этник гуруҳларидан ҳисобланади.
Мавзуга оид
20:35 / 13.02.2023
Маршал Дўстум Ўзбекистон ва Тожикистондаги ҳарбий самолётларни «Толибон»га қарши бўлган мухолиф кучларга беришга чақирди
19:21 / 24.01.2019
Афғонистонда 60 дан кўпроқ жангари йўқ қилинди
14:54 / 23.04.2017
Германия Афғонистонда толибонлар ҳужумига қатъий жавоб қайтаради
12:31 / 03.02.2017