Жамият | 08:42 / 18.10.2016
8572
2 дақиқада ўқилади

АҚШда савдодан масхарабоз ниқоблари олина бошланди

Фото: SWNS

АҚШда Хеллоуин байрами олдидан интернет орқали масхарабоз ниқоблари ва кийимлари сотилиши тўхтатилди. Mashable нашрининг маълум қилишича, бу чора охирги маҳал масхарабоз кийимларида одамларни қўрқитиш оммалашгани сабабли амалга оширилмоқда. 

Бундай чорани Target компанияси раҳбарияти қабул қилишга қарор қилди. "Жорий вазиятни ҳисобга олган ҳолда, биз ўз ассортиментимиздан турли масхарабоз ниқобларини ҳам пештахталаримиздан, ҳам интернетдан олиб ташлашга қарор қилдик", деб айтди компания вакили Жошуа Томас.

Онлайн-дўконлардан бундай ниқоблар ва кийимлар ўтган ҳафтада олина бошланган. Эндиликда Target’га тегишли сайтлардан "Қувноқ масхарабознинг латекс ниқоби" ва "Катталар учун масхарабоз ниқоби" каби маҳсулотлар олиб ташланди. 

Нашрнинг таъкидлашича, баъзи "қўрқинчли бўлмаган" масхарабоз ниқоблари ҳали ҳам сотувда бор. 

Масхарабоз кийимидаги номаълум кимсалар АҚШ ва Буюк Британияда август ойи охиридан пайдо бўла бошлаган. Бундай кийимдаги номаълум кимсалар болаларни пул билан алдаб, ўрмонга олиб кетмоқчи бўлган. Ижтимоий тармоқлар фойдаланувчилари масхарабоз кийимидаги жиноятчилар ҳужум қилган жойлар белгиланган махсус харитани ҳам яратишди.

АҚШда бундай "ҳазиллар" учун 12 киши ҳибсга олинди. Тасдиқланмаган маълумотга кўра, масхарабозларнинг кўпайиши, мисол учун ёзувчи Стивен Кингнинг "У" деб номланган романи асосида яратилган даҳшат фильмининг реклама кампанияси бўлиши ҳам мумкин.

Охирги бундай жиддий ҳужумлардан бири Швецияда содир бўлди. У ерда масхарабоз кийимидаги кимса 19 ёшли йигитни пичоқ билан елкасидан яралаган.

Эслатиб ўтамиз, АҚШда Барча авлиёлар куни – Хеллоуин байрами 31 октябрда нишонланади.  

Мавзуга оид