Жамият | 09:38 / 27.10.2016
6009
2 дақиқада ўқилади

ОАВ: Аёллар эркакларга нисбатан кўпроқ ишлаши маълум бўлди

Фото: Getty Images

Швейцариянинг "Жаҳон иқтисодий форуми" нотижорат ташкилотининг тадқиқотига кўра, аёллар эркакларга нисбатан бир кеча-кундузда 50 дақиқа, бир йилда 39 кунга кўпроқ ишлашар экан. Бу ҳақида ВВС маълум қилди. 

Манбада таъкидланишича, эркаклар ҳақ тўланувчи ишга аёлларга қараганда 34 фоизга кўпроқ вақт сарфлашади. Аёллар эса маош тўланмайдиган ишлар — уй юмушлари, фарзандлар ва ёши улуғ қариндошларига ғамхўрлик қилишга  кўпроқ вақт ажратишар экан. Ана шу меҳнатни инобатга олган ҳолда, аёллар эркакларга нисбатан йилда ўртача бир ойдан кўпроқ вақт ишлашлари аниқланди.

Ҳиндистон, Португалия ва Эстонияда аёллар эркакларга қараганда 50 кунга кўпроқ меҳнат қилишади. 

Маълумотларга кўра, дунёнинг олти мамлакатидагина эркаклар аёллардан кўпроқ ишлашар экан: бу Швеция, Дания, Янги Зеландия, Норвегия, Нидерландия ва Япония. Шимолий Европа мамлакатларида бу бола туғилиши муносабати билан бериладиган таътилнинг эркаклар ва аёллар ўртасида тенг бўлиниши мумкинлиги билан изоҳланади. 

Тадқиқотда таъкидланишича, ишдаги бундай гендер тенгсизликни бартараф этиш учун камида 170 йил керак бўлади.

Мавзуга оид