Давлат божхона қўмитаси Ўзбекистон тадбиркорлари учун махсус видеоконференция ташкил этди, деб хабар қилмоқда божхона қўмитаси матбуот хизмати. Қўмита Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси, тегишли вазирлик ва идоралар билан ҳамкорликда Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Тадбиркорлик фаолиятининг жадал ривожланишини таъминлашга, хусусий мулкни ҳар томонлама ҳимоя қилишга ва ишбилармонлик муҳитини сифат жиҳатидан яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги 2016 йил 5 октябрдаги ПФ-4848-сон Фармонининг мазмун-моҳиятини тадбиркорлик субъектларига яқиндан етказиш мақсадида видеоконференция ташкил қилди.

Тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридаги ташқи иқтисодий фаолият қатнашчилари, ҳудудий божхона бошқармаларининг вакиллари ва оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок қилишди.

Тадбирни очар экан, Давлат божхона қўмитаси Раиси ўринбосари М.Салиев мазкур Фармон энг аввало, хусусий мулкни хуқуқий ҳимоя қилишни янада кучайтиришга, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик учун қулай шарт-шароитлар яратишга ва ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга, республиканинг инвестициявий жозибадорлигини оширишга, ушбу соҳада давлат сиёсатининг сифат жиҳатидан янги даражага ўтишига хизмат қилишини таъкидлади.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Мудофаа ва хавфсизлик қўмитаси аъзоси У.Сулайманов ўз сўзида Фармонга биноан кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликка кенг эркинлик бериш учун жорий қилинаётган янги имкониятлар ҳақида тўхталиб ўтди. Хусусан. эндиликда тадбиркорлар фаолиятига аралашувлар тубдан қисқариши, бу соҳада ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олди олинишини таъминлаш, уларнинг профилактикаси самарадорлигини ошириш ва ҳуқуқбузарликларга йўл қўйилмаслик давлат органларининг биринчи даражали вазифаси сифатида белгиланганлига алоҳида эътибор қаратди.

Видеоконференцияда асосий эътибор мазкур Фармон билан тадбиркорларга божхона соҳасида жорий қилинаётган янги қулайликлар ва енгилликларнинг мазмун-моҳиятини чуқурроқ етказишга қаратилди. Фармон билан божхона органларига ҳам бир қатор вазифалар белгилаб берилди. Хусусан:

Тадбиркорлик субъектлари томонидан товарларнинг экспорти бўйича тузилган экспорт шартномалари божхона органларида ҳисобга қўйиш тартиби 2017 йилнинг 1 январидан бекор қилинади, эндиликда валюта назорати органлари, шу жумладан, божхона органлари томонидан экспорт шартномаларининг ижро этилиши Ташқи савдо операциялари ягона электрон ахборот тизими орқали мониторинг қилиб борилади.