«Арсенал» ва «ПСЖ» навбатдаги йирик ҳисобли ғалабаларга тайёрланмоқда, «Бешиктош» «Наполи»га қарши сафар ўйинидаги муваффақиятни ўз уйида ҳам такрорлаши мумкин, Киевнинг «Динамо»си Лиссабонда ҳаёт-мамот ўйинини ўтказади, Арьен Роббен илк марта голландларга қарши ўйнайди, «Манчестер Сити» эса Барселонадаги шармандали натижа учун жавоб қайтаришга уриниб кўради.

A гуруҳи
Бу гуруҳда 4-тур ўйинларидан кейин барчаси ойдинлашиши мумкин. Квартет етакчилари — Лондоннинг «Арсенал»и ҳамда французларнинг «Пари Сен-Жермен» жамоаси бу турда сафар қилишади — инглизлар Болгарияда «Лудогорец» билан, парижликлар Швейцарияда «Базель» билан ўйнайди .

Учинчи турни ўз майдонларида ўтказган грандлар йирик ҳисобларда ғалабалар қайд этишганди. Месут Ўзилнинг ҳет-трики «Арсенал»га «Лудогорец»ни 6:0 ҳисобида енгиш имконини берганди, «ПСЖ» эса «Базель» билан учрашувда Эдинсон Каванининг 3 голи эвазига ғалаба қозонганди.

«Арсенал» сафар учрашувига бир қатор етакчиларини олиб кетмаяпти. Арсен Венгер Эктор Бельерин, Начо Монреаль, Санти Касорла ва Тео Уолкоттга дам беришга қарор қилган. «Канонирлар» ҳафта охирида «Тоттенҳэм»га қарши дерби учрашувини ўтказади.

Айни вақтда гуруҳда «Арсенал» ва«ПСЖ» 7 очкодан тўплаган, «Базель» ва «Лудогорец» биттадан очкога эга.

B гуруҳи
Бугун бошқа ўйинлардан эртароқ бўлиб ўтадиган учрашув Туркияда ўтказилади. «Бешиктош» Тошкент вақти билан соат 22.45да Италиянинг  «Наполи» клубига қарши учрашувини бошлайди. Икки соат ўтиб гуруҳнинг иккинчи учрашуви «Бенфика» ва Киевнинг «Динамо» жамоалари ўртасида бошланади.

Истанбулликлар клуби 3-турда Неаполга сафар қилган ҳамда Венсан Абубакарнинг охирги дақиқада қайд этган дубли эвазига 3:2 ҳисобида ғалабага эришганди.

«Наполи»нинг ҳужумдаги вариантлари хилма-хил. Лекин биз ҳам ҳимояга ётмоқчи эмасмиз, биз уларни ўз дарвозамиздан узоқроқда тутиб туришга ҳаракат қиламиз», — дея жавоб учрашуви ҳам ёрқинроқ кечишига ваъда қилган туркияликлар жамоаси бош мураббийи Шенол Гунеш.

Турклар жамоаси таркиб билан боғлиқ қийин муаммоларни бошдан кечирмоқда: Жанер Эркин ва Андерсон Талиска жиддий жароҳатлар туфайли узоқ вақтга сафдан чиққан, Ўғузхон Озёқуб, Нажиб Уйсал, Гўкхон Инлер ва Атиба Хатчинсон ҳам «ўйиндан ташқарида ҳолатда» . «Наполи»да эса жароҳат туфайли ҳимоячи Рауль Альбиоль ва ҳужумчи Аркадиуш Милик майдонга тушмайди.