Forta Business Education ёхуд Ўзбекистонда тадбиркорнинг муваффақияти сирини очиб берадиган ўқув маскани ҳақида
Меҳринисо Абдураззоқова — фақат ўзбек тилида махсус бизнес семинарлар ўтказиш орқали тадбиркорларга бизнес сирларини ўргатиш билан шуғулланадиган Ўзбекистондаги ягона тренинг маркази раҳбари.
Бизнес оламига илк қадамларини қўйганда, биринчи муваффақиятдан сўнг биринчи омадсизликни ҳам кўргач, тадбиркор бўлиш учун албатта илм керак экан деган хулосага келган. Асл касби педагог бўлгани учун, ҳамма соҳада илм олиш муҳим деган фикрда. Лекин тадбиркорликка қаерда ўқитилади? Тадбиркор деган дипломни ким беради? Бизнесдаги сир-асрорларни ким ҳам рақобатчисига очади?
Меҳринисо Абдураззоқова интилувчан ва изланувчанлиги сабабли ўша пайтларда айни муаммонинг ечимини топди. Ечим ривожланган хорижий давлатлардан, тадбиркорлар учун ташкил қилинадиган махсус семинарлардан топилди. Бизнесда фойда топиш учун албатта сармоя киритилади, лекин ҳар қандай катта миқдордаги сармояни ҳам илмсизлик оқибатида бой бериб қўйиш мумкин. Меҳринисо Абдураззоқова бу нуқтада иккинчи йўлни, сармояни ўз илмига киритиш йўлини танлади.
Йўлни узоқ, тадбирни серхаражат демасдан, имкон топиб, дунёнинг бир неча мамлакатларига айнан тадбиркорлик бўйича мисқоллаб илм йиғиш учун борди ва дунёга машҳур тренерларнинг махсус бизнес семинарларида бўлди: Филипп Котлер (АҚШ)нинг Дипломини олишга муваффақ бўлди. Кейин эса Ларс Валлентин (Швейцария)нинг семинарида иштирок этди. Аммо ўзининг айтишича, биринчи марта борганида ҳеч нимани тушунмаган. Самолёт чиптаси, бошқа харажатлар ва тренингга тўланган маблағларни семинарда қўлланган жуда кўп янги терминларни тушунмаганлиги учун «сувга оқизиб келган». Лекин кўзлаган мақсадига эришмасдан қўймайдиган, интилувчан бу аёл иккинчи бор яна Ларс Валлентиннинг айнан ўша мавзудаги семинарида такрор иштирок этади. Мана шундай қилиб, босқичма-босқич у муваффақият зинасидан чиқа бошлайди. Кейин эса ҳар бирининг чиптаси 500 дан 2000 еврогача турадиган семинарлар: Александер Левитас (Исроил, Диплом), Масару Фуживара (Япония, Сертификат), Майкл Бинг (Дания, Сертификат), Дмитрий Дичковский (Беларусь, Сертификат), Максимилиан Фодингер (АҚШ, Сертификат), Игорь Качалов (Россия, Сертификат), Игорь Манн (Россия, Сертификат), Жон Кинг (АҚШ, Сертификат)ларнинг ҳам тренингларида қатнашади. Буларнинг барчасида олган илмлари ўзининг ва дўстларининг бизнесда муваффақиятли ривожланишига ёрдам берди.
Аммо бошқа тадбиркорлар-чи? Уларни ким ўқитади? Ўзбекистонда уларга ким бизнес тренинглар ўтади? Тўғри, сўнгги пайтларда бир неча тренерлар Ўзбекистонга келиб, семинарлар ўтишмоқда. Аммо улар ўзбек тилида эмас. Ва албатта уларда айнан Ўзбекистондаги ўзига хос ҳолат ҳамда миллий анъаналар ва қадриятлар мазмунидан келиб чиқиб ёндашиш йўқ. Камига, бундай семинарларда иштирок этиш учун чипталар нархи жуда баланд (ўртача 1 миллион сўм). Шу сабабли ҳам, Ўзбекистондаги тадбиркорларга, айниқса ёш, энди иш бошлаётган, ҳали турли хорижий давлатларга бориб, тренингларда иштирок этишни иқтисодий аҳволи кўтармайдиган тадбиркорлар учун махсус семинар тренинглар ўтказишни мақсад қилди. Октябрь ойида ўтказилган илк тренингда 200 дан ортиқ тадбиркор иштирок этиб, унга юқори баҳо берди. Бундан руҳланган Меҳринисо Абдураззоқова кўп сонли тадбиркорларнинг илтимослари ва таклифларига биноан 6 ноябрь куни Тошкентга, 12 ноябрда Андижонга, 19 ноябрда Наманганга ва 26 ноябрь куни Қўқонга ташриф буюрадиган бўлди. Декабрь ойида эса Самарқанд ва Бухоро вилоятларига сафар режалаштирилмоқда.














