Жаҳон | 18:59 / 07.11.2016
21140
3 дақиқада ўқилади

Сўров: Сайловга 1 кун қолганида Клинтон Трампни кичик фарқ билан ортда қолдирмоқда

Фото: Reuters

АҚШ президентлиги учун Демократлар партиясидан номзод бўлмиш Ҳиллари Клинтон республикачилар партияси вакили бўлган рақиби Дональд Трампни 3 пунктга ортда қолдирмоқда. Бу Bloomberg агентлиги ўтказган сўровнома натижаларида акс этган.

Сўровга кўра, Клинтон учун сайловчиларнинг 44 фоизи овоз беришга тайёр. 41 фоиз киши эса Трампни қўллаб-қувватлайди. Либертарианлар партияси номзоди Гэри Жонсон учун эса 4 фоизлик сайловчи ўз овозини беришини билдирган. Яшиллар партияси вакили Жилл Стайн 2 фоизлик имкониятга эга.

Ўз навбатида NBC ва Survey Monkey ўтказган тадқиқотга кўра, Ҳиллари хоним Трампдан 6 пунктга олдинда бормоқда.

31 октябрдан 6 ноябргача ўтказилган сўровномада сайлаш ҳуқуқига эга бўлган 70194 киши иштирок этган.

АҚШ президентлиги учун сайлов 2 босқичда ўтказилади: аввалига, 8 ноябрь куни сайловчилар барча штатларда овоз беришади. 

Сайловларда ғалаба қозониш учун овоз берувчиларнинг кўпчилик овози эмас, балки 538 сайловчидан камида 270 нафарининг овози талаб этилади. Ҳар бир штат ўз сайловчиларини белгилайди, бунда барча овозлар умумхалқ сайлови ғолибига берилади.

Клинтон 268 сайловчи овозига тенг бўлган штатларда етакчилик қилмоқда. У президент бўлиши учун Нью-Ҳэмпшир, Мэн, Миннесота, Виржиния, Мичиган, Пенсильвания ва Колорадо штатларида етакчиликни сақлаб қолиши лозим. Шунингдек, Флорида, Оҳайо, Невада, Шимолий Каролина ва Айова штатларида ҳам кескин кураш кетмоқда. Клинтон бу штатлардан бирида ютиб, катта эҳтимоллик билан ўзига ғалабани таъминлайди.

Трампда ғолиб бўлиш учун биргина йўл бор: у қандай бўлмасин 29 сайловчига эга Флорида (йўқса деярли мағлуб бўлади), Шимолий Каролина, Невада ҳамда Оҳайо штатларида ютиши керак. 

Бу ҳолда Трампнинг Нью-Ҳэмпшир ёки Мичиганда ғолиб бўлиши Клинтонни мағлубиятга олиб келиши мумкин. Шунингдек, бирор номзод ҳам зарур бўлган 270 овозни тўплай олмайдиган ҳолат, яъни 269:269 дуранг вазият ҳам юз бериши мумкин. Бу ҳолда янги президент тақдири конгресс қуйи палатасида ҳал қилинади. 

Шунингдек, ҳал қилувчи штатлардан бирида овозларни қайта ҳисоблаш эҳтимоли ҳам мавжуд. Бу вазиятда ғолибни аниқлаш учун ҳафталар талаб этилиши мумкин ва у Олий судда ҳал қилинади. Шунга ўхшаш вазият 2000 йилда Кичик Жорж Буш ва Альберт Гор ўртасида юзага келган. Натижада Флоридадаги овозлар қайта ҳисоблангач, ғалаба Бушга берилган.

Мавзуга оид