Шу кунларда миллий қонунчиликка ҳамда Марказий сайлов комиссияси томонидан тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказишга доир асосий тадбирлар дастурига муофиқ барча сайлов округларида фаоллик билан мамлакатимизнинг ижтимоий-сиёсий ҳаётида муҳим воқеага тайёргарлик кўрилмоқда.

Ҳозирги вақтда участка сайлов комиссиялари сайловчилар рўйхатини тузиш бўйича ишлар олиб бормоқда. Ҳар бир мамлакатнинг сайловга доир қонун ҳужжатлари ўзига хос жиҳатлари билан ажралиб туради. Сайловчиларни рўйхатга олиш масаласи ҳам ана шундай жиҳатлардан биридир.

“Фуқаролар сайлов ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида”ги Қонуннинг 8-моддасида сайлов кунига қадар ёки сайлов кунида 18 ёшга тўладиган, тегишли сайлов участкаси ҳудудида доимий ёки вақтинча истиқомат қилиб турган Ўзбекистон Республикасининг фуқаролари сайловчилар рўйхатига киритилиш ҳуқуқига эгадирлар деб белгилаб қўйилган. Бу фуқароларнинг келиб чиқиши, ижтимоий ва мулкий ҳолати, ирқий ва миллий мансублиги, жинси, маълумоти, тили, динга бўлган муносабати, билими тури ва хусусиятидан қатъи назар уларнинг тенг сайлов ҳуқуқларини таъминлашга хизмат қилади.

Халқаро амалиётда сайловчиларни рўйхатларга киритишнинг турли шаклларидан фойдаланилади. ЕХҲТ ДИИҲБнинг халқаро сайлов стандартлари ва сайловни кузатишга доир  ҳужжатларига мувофиқ сайловчилар рўйхатларини тузишнинг икки хил тизими мавжуд. Биринчиси – рўйхатга киритишнинг фаол (хабардор қилувчи) тизими. Бунда фуқаролар ўзларини сайловчилар сифатида рўйхатларга киритилиши ҳақидаги илтимос билан мурожаат қилишлари лозим.

Иккинчи, яъни пассив тизимга кўра сайловчилар рўйхати аҳоли реестри ёки фуқаролар реестри ёхуд ҳисобга олишнинг бошқа шакллари асосида автоматик тарзда тузилади.
Сайловчиларнинг тўлиқ, очиқ-ошкора ва аниқ реестри таъминланса, у тизим ҳам, бу тизим ҳам мақбул тизимлар ҳисобланади.

Бизнинг миллий қонун ҳужжатларимиз халқаро нормалар билан эътироф этилган фуқароларни сайловчилар рўйхатларига киритишнинг пассив тизимига, яъни мажбурий тизимига асосланади. Бироқ бу сайловчиларнинг сайловда иштирок этиши мажбурийлигини англатмайди. Зеро сайловчининг сайловда иштирок этиши унинг конституциявий ҳуқуқи ҳисобланади. Фуқароларнинг сайловда иштирок этиши ёки иштирок этмаслиги ихтиёрийдир. Айрим мамлакатларда сайловга келмаганлик учун маъмурий жавобгарлик назарда тутилганлигини ҳисобга олсак, бизнинг миллий сайлов қонунчилигимиз демократик принципларга нақадар мос келишини гувоҳи бўламиз.

Сайловчиларнинг аниқ ва тўғри рўйхатини тузиш бўйича ЕХҲТ ДИИҲБнинг халқаро сайлов стандартларида белгиланган талабларга, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг 2015 йил 3 февралдаги қарори билан тасдиқланган “Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича участка сайлов комиссиялари фаолиятини ташкил этиш тўғрисида”ги Низомга мувофиқ тегишли ҳудудда яшовчи сайловчилар ҳақида маълумотлар олингандан сўнг участка сайлов комиссияси уйма-уй айланиб чиқиш орқали ҳокимликлардан олинган сайловчилар тўғрисидаги маълумотларнинг тўғрилигини текширади. Участка сайлов комиссияси томонидан бундай тадбирнинг ўтказилиши сайловчилар рўйхатининг тўғри ва аниқ тузилишига кўмаклашиши шубҳасиз.