Шу кунларда мамлакатимиз сиёсий ҳаётидаги муҳим воқеа — Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига қизғин ҳозирлик кўрилмоқда. Мустақилликка эришилгач, юртимизда демократик сайловлар тизимини шакллантиришга алоҳида эътибор қаратилди. Ўтган йиллар давомида бу борада бир қатор муҳим қонунлар қабул қилинди.
Мазкур қонунларда сайлов моҳияти, сайлаш ва сайланиш ҳуқуқи, сайловларни ташкил этиш ва ўтказиш, сайлов комиссияларининг ҳуқуқ ва ваколатлари, овоз бериш тартиби ҳамда унинг натижаларини аниқлаш, фуқароларнинг сайловлардаги иштироки, сайлов ҳуқуқининг кафолатлари, сайловларни молиялаштириш ва бошқа шу каби ўта муҳим масалаларни ҳуқуқий тартибга солувчи қоидалар белгилаб берилган.
Сайлов тўғрисидаги қонунчилик мунтазам равишда такомиллашиб бораётганлиги фуқаролар сайлов ҳуқуқларининг кафолатларини янада мустаҳкамлашга, сайловни ташкил этиш ва ўтказиш миллий амалиётини яхшилаш, сиёсий партияларнинг сайловларда муносиб тарзда иштирок этиши учун барча имконият ва шароитларни яратиб беришга қаратилган.
Сайловларнинг очиқлик ва ошкоралик, ҳаққонийлик принциплари асосида, шунингдек, адолат мезонларига риоя этилган ҳолда ўтишини таъминлаш ҳар қайси демократик давлат учун принципиал масала ҳисобланади. Таъбир жоиз бўлса, мамлакатнинг келажаги ва равнақи айнан шу жиҳатларга, яъни давлат бошқаруви ва ҳокимиятига муносиб номзодларнинг сайланишига чамбарчас боғлиқ.
Шу ўринда Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодларга қўйиладиган талаблар тўғрисида тўхталиб ўтсак. Сир эмаски, Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов ўзининг раҳбарлик салоҳияти ва тажрибаси, кенг тафаккури ва дунёқараши билан кейинги издошлари учун маррани баланд қилиб белгилаган эди. Хоҳлаймизми-йўқми, фуқароларимиз сайловда муайян номзодга овоз берар экан, уни, аввало, Биринчи Президентимиз билан солиштиради. Ўз навбатида, таъкидлаш керакки, Ўзбекистон Республикаси Конститутциясига биноан, президентликка номзодларни кўрсатиш ҳуқуқига эга бўлган сиёсий партияларга номзодларни кўрсатиш бўйича ниҳоятда маъсулиятли вазифа юклатилган. Тажрибанинг кўрсатишича, одатда президентликка номзод сифатида халқ орасида яхши танилган, мамлакат тараққиётига муносиб ҳисса қўшган, жамиятда юқори обрў ва эътиборга эга инсонлар кўрсатилади.
Халқаро ҳуқуқ стандартларига асосан, президентликка номзоднинг ҳуқуқлари, агарда давлатнинг қонунларида ушбу нормалар келтирилган бўлса, маълум миқдорда чекланиши мумкин. Мисол учун 1990 йил 29 июндаги Европада Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилотининг (ЕХҲТ) инсонийлик мезонлари бўйича конференцияси Копенгаген Кенгашининг ҳужжати 24-бандида, агарда номзодлар учун чекловлар, давлат қонунчилигида кўзда тутилган бўлса, ҳамда ушбу чекловлар мазкур қонунларнинг мақсад ва вазифаларига хизмат қилса амалга киритилиши мумкинлиги ёзилган. Шунингдек Бирлашган миллатлар ташкилоти Инсон ҳуқуқлари бўйича қўмитасининг 1996 йилги 25-сонли “Умумий тартибдаги кўрсатмалар”и 15-бандида, “Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисида”ги халқаро Пакти 25-моддасида ва Бирлашган миллатлар ташкилотининг “Ногиронлар ҳуқуқлари бўйича Конвенцияси” 29-моддаларида ҳам демократик жамиятлар қонунчилигида маълум мақсадларни кўзловчи чекловларга йўл қўйилиши мумкинлиги кўрсатилган. Айтиш керакки, номзодларга қўйилиши мумкин бўлган чекловларнинг аниқ рўйхати бирор бир ҳалқаро ҳужжатларда келтирилмаган. Шундай бўлсада, Европа Венеция комиссиясининг (Демократияга ҳуқуқ орқали Европа комиссияси) 2002 йилги Яхши амалиёт Кодексининг I.1 бандида номзодларнинг ёши, фуқаролиги ва яшаш жойи бўйича бир қатор тавсиялар келтирилган.











