Фан-техника | 16:18 / 22.11.2016
7412
2 дақиқада ўқилади

Jaguar Land Rover автомобиллари эгасини танийдиган бўлди

Фото: Motor.ru

Буюк Британиянинг Jaguar Land Rover гуруҳи кишиларни автомобиль калитини олиб юриш ташвишидан халос этиши мумкин бўлган технологияга патент олди. Гап автомобилнинг ён томонларига ўрнатилган махсус камералар воситасида инсон юзини аниқлаш тизими ҳақида бормоқда. 

Патент олиш учун топширилган ҳужжатларга мувофиқ, тизимнинг ишлашини автомобиль дераза чизиқлари пастки қисмига ўрнатилган иккитадан камера таъминлайди. Улар нафақат ўз қаршиси, балки ёнларини ҳам «кўради». Улар икки босқичда «таниш» амалиётини амалга оширади: автомобилга яқинлашиб келаётган кишининг ҳаракатдаги тасвирини ҳамда бевосита эшик ёнига келганда унинг стереоскопик суратини олади. 

Динамик ва статик суратлар автомобиль хотирасидаги маълумотлар билан қиёсланади. Агар тизим машина эгасини ёки хотирага киритилган бошқа инсонни таниса, эшиклар калитсиз очилади. Шу билан, автомобиль қулфларини очиш учун «ўз» одамининг биргина сурати кифоя қилади. 

JLR технологияси нафақат автомобиль эгаларини калитни йўқотиб қўйиш хавотиридан халос этишга, балки автомобилларни ўғирлаш ҳолатларини камайтиришга ҳам хизмат қилиши тахмин қилинмоқда. 
 

Мавзуга оид