“Ҳокимият ўтказилиши изчиллик ва барқарорлик шароитларида амалга оширилмоқда. Жамиятда бунга ишонч кучлидир”, – ЕХҲТ ДИИҲБ миссияси кузатувчиларининг хулосаси шундай.

Жорий йилнинг 24 ноябрь куни ЕХҲТ ДИИҲБнинг расмий веб-сайтида Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини кузатиш бўйича ЕХҲТ ДИИҲБ миссиясининг оралиқ хисоботи чоп этилди.

Ҳисобот жорий йилнинг 2 ноябридан 20 ноябригача бўлган даврда Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш жараёнини кузатиш якунлари бўйича тайёрланди.

Эслатиб ўтамиз, ЕХҲТ ДИИҲБ миссияси Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг таклифига биноан жорий йилнинг 2 ноябрь куни Ўзбекистон Республикасига ташриф буюрди. Марказий сайлов комиссияси таклифи сайлов кампанияси бошланиши эълон қилиниши билан дарҳол юборилган эди. ЕХҲТ ДИИҲБ билан кузатиш форматидаги ҳамкорлик анъанага айланиб улгурган. Ушбу ташкилот миссиялари 1999 йилдан буён Ўзбекистонда ўтказилган парламент ва президент сайловларини кузатишда иштирок этиб келмоқда. Бу галги сайловда ЕХҲТ ДИИҲБнинг тўлиқ миссияси фаолият юритмоқда. Миссия асосий гуруҳи билан бирга узоқ муддатли ва қисқа муддатли кузатувчиларидан иборатдир.

Бундай қарор Ўзбекистоннинг сайловни умумэътироф этилган халқаро стандартларга мувофиқ очиқ-ошкора ўтказишга тайёрлиги билан изоҳланади. Бу ҳақда Ўзбекистонда 11 октябрдан 14 октябргача бўлган даврдаги сайловолди ҳолатини баҳолаш якунлари бўйича ЕХҲТ ДИИҲБ ҳисоботида маълум қилинди.

Чоп этилган оралиқ ҳисобот вазминлик руҳида тайёрлаб ёзилган. ЕХҲТ ДИИҲБ экспертларининг Ўзбекистондаги сайлов жараёнига ҳар томонлама ва холис баҳо беришга бўлган интилиши сезилиб турибди.

Бироқ икки ярим ҳафталик бундай қисқа муддатда юзаки хулосанинг олдини олиш ва Ўзбекистонда юз бераётган жараёнларни ҳис этиш мумкинми? Нима бўлганда ҳам экспертлар Ўзбекистон сайлов тизимини, Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови ўтказиладиган шарт-шароитларни таҳлил қилишга уринганлар.

Улар шундай хулосага келдилар.

Ўзбекистонда демократик ҳуқуқий давлат шаклланган бўлиб, сайлов мамлакат Конституциясига ва қонунларига қатъий мувофиқ тарзда миллий давлатчилик хусусиятларини ҳар томонлама ҳисобга олган ҳолда ўтказилмоқда.

ЕХҲТ ДИИҲБ экспертлари Ўзбекистон кўп миллатли мамлакат эканлигини, мамлакатда барча фуқаролар конституциявий ҳуқуқлардан ва эркинликлардан тенг ҳамда камситишсиз фойдаланаётганини таъкидламоқда.