Жаҳон | 12:41 / 27.11.2016
7441
2 дақиқада ўқилади

Бердимухаммедов: Туркманистон ШҲТ билан ҳамкорлик кенгайтирилишидан манфаатдор

Туркманистон президенти Гурбангули Бердимухамедов ўз мамлакати Шанхай Ҳамкорлик ташкилоти билан транспорт ва бошқа соҳаларда ҳамкорликни кенгайтиришини истайди. Бу ҳақда ТАСС мухбири ШҲТ бош котиби Рашид Алимов ва туркманистонликлар етакчиси ўртасидаги учрашув асосида маълум қилган.

Президент Алимовга ШҲТ мамлакатларининг транспорт соҳасидаги ҳамкорлиги бўйича берган батафсил маълумотлари учун миннатдорчилик билдирган ҳамда шу ва бошқа соҳаларда ташкилот билан ҳамкорликни кенгайтиришдан манфаатдор эканини қайд этган.

Алимов ва Бердимухамедов учрашуви Ашхободда БМТ шафелигида 26-27 ноябрь кунлари давомида ўтаётган барқарор транспорт бўйича биринчи глобал конференция доирасида бўлиб ўтган. Алимов ШҲТнинг транспорт тизимларини ривожлантиришдаги фаолияти ҳақида батафсил гапириб, Туркманистон президенти эътиборини халқаро автомобиллар қатнови учун қулай шароитлар яратиш бўйича ҳукуматлараро келишув тузиш масаласига қаратган.

ШҲТ бош котиби ташкилотнинг Бишкекдаги саммити вақтида қабул қилинган ШҲТ йўл дастури лойиҳасини ишлаб чиқиш бошлангани ҳақида маълум қилган.

Мавзуга оид