Муҳаммад бин Салмон 12 ёшлигидаёқ отаси Салмон раислик қилган ҳукумат мажлисларида ўтирган. У пайтлар Салмон Саудия Арабистони провинцияси Ар-Риёд губернатори лавозимини эгаллаганди. 17 йил ўтиб, Муҳаммад бин Салмон мамлакат мудофаа вазири этиб тайинланди. Шу тариқа у жаҳон тарихидаги энг ёш мудофаа вазири номини олди. У ўз мамлакатини аллақачон Ямандаги шафқатсиз уруш домига тортиб улгурди. Ана шу каби хатти-ҳаракатлар бу сиёсатчини Ер юзидаги энг хавфли кишилардан бирига айлантиради. Trendymen нашри айнан шу мавзуга қўл урди. 

Шаҳзода Муҳаммад ёшлигиданоқ ўзини шахс сифатида шакллантира бошлаган. Ғарб биржаларидаги акциялар ва мамлакат ичида қурол-яроғ савдоси – бу унинг илк қадамлари бўлди. Акаларидан фарқли ўлароқ, Муҳаммад хорижга ўқишга кетмади, у таълим олиш учун Ар-Риёд университетини танлади. Шаҳзоданинг курсдошлари ва ўқитувчилари уни жиддий, спиртли ичимликларни истеъмол қилмайдиган ва бор вақтини ишга бағишлайдиган инсон сифатида эътироф этишган. 

2011 йилда Муҳаммад бин Салмоннинг отаси валиаҳднинг ўринбосари бўлди ва Мудофаа вазирлиги ҳамда унинг улкан молиявий имкониятларини назорат қилиш ҳуқуқига эга бўлди. Муҳаммад ҳам ўша соҳанинг ўзида маслаҳатчи сифатида хизмат юритди.

Танқидчиларнинг сўзларига кўра, у улкан бойлик тўплаган — ҳар ҳолда унинг имкониятлари чексизлигини инобатга оладиган бўлсак, бунинг ажабланадиган жойи йўқ. Салмон Саудия Арабистони тахтига ўтган йилнинг январида ўтирган. У хаста бўлганлиги учун кўп масалаларда ўғлига умид қилган. Салмон 79 ёшида ақли заифликдан азият чеккан ва бир кунда фақат бир неча соатгина диққатини жамлашнинг уддасидан чиқарди. Отасининг энг яқин кишиси сифатида Муҳаммад қиролликдаги ҳукмронликни ўз зиммасига олди. 

Шаҳзода Муҳаммад мудофаа вазири этиб тайинланди ва Aramco миллий энергетика компаниясини тўлиқ ўз назоратига олди. Маҳаллий амалдорларнинг дангасаликларига чек қўйилди: Муҳаммад эрта тонгдан вазирликка боришни одат қилди – кутилмаган текширувдан ўтолмаганлар ҳаттоки қатл қилиниши мумкин.