18:18 / 05.12.2016
14764

Мағлуб номзодлар бир овоздан сайлов натижаларидан хафа эмасликларини билдириб, сайловчиларга раҳмат айтишди

Бугун, 5 декабрь куни МСК матбуот марказида президентлик сайловида мағлуб бўлган номзодлар - Хатамжон Кетмонов, Наримон Умаров ва Сарвар Отамуродов сўзга чиқиб, сайлов натижалари бўйича баёнот беришди. 

Номзодлар бир овоздан сайлов жараёнларида уларга тенг имкониятлар яратилганлигини алоҳида таъкидлашди. 

Жумладан Халқ демократик партияси вакили Хатамжон Кетмонов 45 мингга яқин сайловчилар билан учрашгани, улар асосида 4500дан ортиқ кўрсатув ва эшиттиришлар тайёрланганини таъкидлади. Интернет сайтларида 600дан ортиқ мақолалар бериб борилганини айтиб ўтди. Диққатга сазовор жойи шундаки, тарғибот-ташвиқот ишлари ўзбек, рус ва қорақалпоқ тилларида олиб борилди.

Хатамжон Кетмонов сайлов натижаларини тан олди ва Шавкат Мирзиёевни ғалаба билан табриклади.

«Адолат» Социал-демократик партиясидан Ўзбекистон Президентлигига номзод бўлган Наримон Умаров сайлов натижалари партия кутган даражада бўлмагани, лекин бундан хафа эмаслигини айтиб ўтди.

«Кўппартиявийлик шароитида, очиқ-ошкора, халқаро андозалар ва демократик талабларга тўла мувофиқ тарзда бўлиб ўтган мазкур сайлов натижаларини тан олган ҳолда, унинг адолатли бўлганини эътироф этамиз ва халқимизнинг танловини ҳурмат қиламиз», — деди Наримон Умаров.

Наримон Умаров ўзи раҳбарлик қилаётган партия номидан Шавкат Мирзиёевни «халқ томонидан билдирилган юксак ишонч» билан табриклади.

«Миллий тикланиш» демократик партиясидан номзод бўлган Сарвар Отамуратов ўзбек халқининг юз-кўзидаги мамнуният ва эртаги кунга бўлган ишончига алоҳида эътиборни қаратди. У ҳам Президентлик сайлов олди кампаниясида барча шароитларнинг тенглик асосида яратилганига урғу берди. 

У Шавкат Мирзиёевнинг ғалабасини тан олишини маълум қилди.

«Сайловда ЎзЛиДеПдан Ўзбекистон Президенти лавозимига сайланган Шавкат Мирзиёевнинг ғалабасини тан оламиз ва чин дилдан қутлаб, у кишининг юксак лавозимдаги фаолиятларига муваффақият тилаймиз», — деган Отамуратов.

Учала номзод ҳам ўз тарафдорлари ҳамда сайловда жонбозлик кўрсатган барча фидокорларга ўз миннатдорчилигини билдирди. Х. Кетмонов, Н. Умаров ва С. Отамуродов Ўзбекистоннинг янги сайланган Президенти Ш.М.Мирзиёевни Президентлик сайловларидаги ғалабаси билан чин дилдан қутлашди ва унинг келгусидаги ишларида улкан муваффақиятлар тилашди. 

Ўзбекистон «Адолат» социал-демократик партияси вакили Наримон Умаров мамлакатимиз аҳолисининг сайловларда юксак фаоллик кўрсатганини алоҳида қайд этди. У 9 339 сайлов участкасининг ҳар бирида партия кузатувчилари бўлганликлари ва ҳаммаси Қонунчилигимизга мувофиқ бўлиб ўтганини таъкидлади. Шунингдек Наримон Умаров Ўзбекистоннинг Биринчи Президенти Ислом Каримовни ёдга олиб, улар бошлаб берган йўлдан бирдамликда ҳаракат қилишга умид билдирди. "Адолат" партияси номзоди сайловлардаги мағлубиятидан асло хафа эмаслиги ва юртимизнинг умумий мақсади йўлида бор кучини сафарбар қилишини маълум қилди.

Top