Фан-техника | 00:57 / 05.12.2016
71179
2 дақиқада ўқилади

Nexia автомобилини ишлаб чиқариш расман тўхтатилди

Фото: olx

Ўзбекистоннинг “халқ машинаси”га айланган Daewoo Nexia моделининг узоқ давом этган тарихи 2016 йилда якунланди. Бу ҳақда GM Uzbekistan матбуот хизматига асосланган ҳолда Wroom.ru сайти хабар қилмоқда. Маълумотларга кўра, ушбу автомобиль август ойидаёқ ишлаб чиқаришдан олинган. 

Модель Корея республикаси билан Асакада ташкил этилган қўшма корхонада 1996 йилдан ишлаб чиқарила бошланган эди. Жанубий Кореянинг ўзида автомобилни 1997 йилдан йиғиш тўхтатилганди. Бунинг ўрнига бу машина Ўзбекистонда йиғилди ва халқ ишончига сазовор бўлди. 

Nexia бир неча йил мобайнида 75 от кучига эга 1,5 литр ҳажмли двигатель билан жиҳозланди. Аммо, 2003 йилдан моделнинг 1,5 литрли, 85 от кучига эга янги намунаси пайдо бўлди. 

2008 йилда Британиянинг Concept Group инжиниринг компанияси билан биргаликда рестайлинг қилинган намунаси тақдим этилди. "Нексия"нинг ёруғлик чироқлари, бампери, олд ускуналар панели, асбоблар комбинацияси янгиланди. Машинага икки хил: 4 цилиндр (8 клапан)ли, 1,5 литрли ва 80 от кучига эга SOHC двигатель ҳамда 4 цилиндр (16 клапан)ли, 1,6 литрли ва 109 от кучига эга DOHC мотори ўрнатилди. 

Шундай қилиб, 2016 йил август ойидан бошлаб, GM Uzbekistan матбуот хизматига кўра, ушбу машина йиғилиши тўхтатилган: август охирида машинанинг охирги нусхалари ишлаб чиқарилган. Эндиликда, унинг номини аввалги авлоддаги Chevrolet Aveo седани негизида ишлаб чиқиладиган "Ravon Nexia" моделида ишлатишга қарор қилинган.

Мавзуга оид