Дунёда ҳеч ким, ҳеч бир таълимот мол-дунёнинг айнан ўзини ёмонламаган, мол-дунёдан қайтармаган. Фақат инсоннинг мол-дунёга бўлган муносабатидаги иллатлар қораланган. Масалан, одамлардаги мол-дунёга ҳирс қўйиш, бунинг орқасидан ҳаромдан ҳазар қилмаслик, ўзгалар ҳаққини адо этмаслик, номуносиб ерларга мол сарфлаш, уни исроф қилиш ва бойлиги билан фахрланиш каби қусурлар танқид қилинган.
Бойлар бошқалардан, яъни камбағал-фақирлардан бахтлироқ яшашадими? Пул, мол-дунё инсонга чинакамига саодат келтира оладими? Бойларнинг ҳаётда ушалмай қолган орзу-армонлари йўқми? Улар афсус-надомат чекишмайдими?
Одамизод қўлига пул-мол келиб, иши юришиб турса, хурсанд, хотиржам бўлади. «Омадим келди, Худо мени суйгани учун мол-дунёни беҳисоб бериб қўйди», дея хаёл суради. Сал пули камайиб қолса, ёки келиши тўхтаса тушкунликка тушади, ваҳима босади: «Худога қайсидир ишим ёқмапти, шунинг учун мени бойликдан қисиб қўйди, ризқимни камайтириб қўйди», деган ўй-фикрларга боради. Ахир бойлик инсон учун ҳеч қачон руҳий хотиржамлик келтирмайди-ку!
Аждодларимиз дунё ҳаётига аҳамият беришмаган, эътибор кўрсатишмаган. Сабаби, дунё ҳаёти инсонлар учун берилган бир имтиҳон, холос. Киши дунё ҳаётига эътибор бермаса, камбағал бўлиб қолади, деган бирор қоида ёки мезон йўқ. Чунки у ҳам, иншааллоҳ, эртага бой бўлиб қолиши мумкин. Аксинча, кечагина бойлигининг ҳидига маст бўлиб ўзини қўйгани жой тополмай шошиб қолган кимса эртага бир лаҳзада фақирга айланиб қолиши ҳам мумкин.
Бойлик кўплар учун имтиёз, неъмат эмас, аксинча жазо, офат ҳисобланади. Ривоят қилинишича, бир гуруҳ бадавлат одам зоҳидлар даврасига кириб ўлтириш учун улардан ижозат сўрабди. Воқеа рамазон ойида кечаётган экан. Бойваччалар ҳам зоҳидлар даврасида нонни туз билан ейишибди. Уйларига қайтгач, бояги бойваччалардан бири уларга минг динор тилла пул жўнатибди. Шунда зоҳидлардан бири пулни: «Сенга ўхшаганларга сирини очганнинг жазоси шудир», деган сўзлар билан эгасига қайтариб юборибди (яъни юборилган пулни улар ўзларига жазо деб қабул қилишган экан).
Бойларнинг ҳаёт тарзини, яшаш фалсафасини орзу қилаётган камбағаллар уларга қанчалик қийин ва оғир эканини тасаввур ҳам қила олишмайди. Пул кела бошлагани баробарида бойнинг хонадонига катта ташвишлар, кулфатлар, харажатлар, машаққатлар, нафратлар, уқубатлар оқиб кела бошлайди. Илгари минг сўм билан битирган ишини энди ўн минг сўм, юз минг сўм билан битадиган бўлиб қолганини кўрасиз. Чунки у энди бадавлат киши, сарф-харажатни ҳам ўз даражасида қилиши керак-да.
Камбағаллигида нонуштасига нон, жиндай ширинлик ёки сут-қатиқ кифоя қилар эди. Энди бир-икки хил иссиқ таом тайёрланган, қази, пишлоқ, сариёғ, қаймоқ, қуймоқ каби неъматлар тортилган бўлади. Аммо қани эди бу неъматлардан маза қилиб тотина олса?! Ейиши ўша-ўша, қўлида телефон, хаёлида бугунги кунга режалаган юмушлари, миясида минг бир ташвиш, муаммо. Жиндай таомни оғзига тиқдими ёки бурнигами, билолмай дастурхондан шошиб туриб кетади. Авваллари дўкондан харид қилган оддий кийимларни кийиб кетаверарди. Энди ундай қилолмайди. Урфга кирган, атрофидаги бадавлат кишилар буюртма билан хориждан олдириб келтираётган камёб кийимларни топиши керак. Илгари фарзанди касал бўлиб қолса, ҳамма қатнайдиган поликлиникадаги шифокорларга мурожаат қиларди. Энди бойлик мақоми бунга йўл қўймайди: эл орасида машҳур бўлган «профессор»дан маслаҳат олиши, унинг тавсияси билан энг шоҳона жиҳозланган хусусий клиникага ётқизиши зарур бўлади. Хусусий муаллим, хусусий репетитор, хусусий тарбиячи, хусусий ҳайдовчи, хусусий тиш дўхтири…буларнинг ҳаммаси жарақ-жарақ пул туради.












