Ўзбекистонда туризм иқтисодиётнинг стратегик секторига айлантирилади. Бу Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2 декабрдаги «Ўзбекистон Республикаси сайёҳлик соҳасини ривожлантиришни тезлаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармонида кўзда тутилган.

Фармон мамлакат иқтисодиётининг стратегик тармоғи сифатида туризмни жадал ривожлантириш учун қулай иқтисодий ва ташкилий-ҳуқуқий шарт-шароитлар яратиш, ҳудудларнинг улкан туризм салоҳиятидан янада тўлиқ ва самарали фойдаланиш, туризм тармоғини бошқаришни тубдан такомиллаштириш, миллий туризм маҳсулотларини яратиш ва уларни жаҳон бозорларида тарғибот қилиш, туризм соҳасида Ўзбекистоннинг ижобий қиёфасини шакллантиришга йўналтирилган.

"Туризм соҳасида улкан имкониятлар мавжудлигига қарамай, Ўзбекистоннинг туризм инфратузилмаси, туризм хизматлари сифати ва унинг даражаси, шунингдек тармоқни бошқариш тизими глобаллашув ва кескин рақобат шароитида замонавий талабларга мос келмайди. Туризмнинг мамлакат иқтисодиётига қўшаётган ҳиссаси, хизмат кўрсатиш соҳасини ривожлантириш ва аҳолини иш билан таъминлаш жаҳондаги ўртача кўрсаткичлардан орқада қолмоқда", дейилган фармон шарҳида.

Фармонда туризм соҳасида давлат сиёсатининг сифат жиҳатдан янги босқичга ўтишини белгилаб берадиган ушбу тармоқни тубдан ислоҳ қилиш бўйича мисли кўрилмаган чора-тадбирлар назарда тутилади, қуйидаги асосий мақсадли вазифалар ва устувор йўналишлар белгиланади: 

- туризм индустрияси субъектлари фаолияти учун қулай шарт-шароитларни шакллантириш, туризмни ривожлантиришдаги барча тўсиқ ва ғовларга барҳам бериш, виза ва рўйхатдан ўтказиш тартиб-таомилларини, паспорт ва божхона назоратини соддалаштириш; 

 - туризм хизматларини ташкил этишда туристлар ва экскурсантларнинг ҳаёти ва соғлиғи хавфсизлигини таъминлаш бўйича комплекс чора-тадбирларни амалга ошириш; 

 - туризмнинг янги салоҳиятли турлари – зиёрат қилиш, экологик, маърифий, этнографик, гастрономик, спорт, даволаш-соғломлаштириш, қишлоқ, саноат, ишбилармонлик, болалар, ёшлар ва оилавий туризмни жадал ривожлантириш; 

- туризм соҳасида халқаро ва миллий ташкилотлар, йирик хорижий брендлар ва компаниялар билан ҳамкорликни кенгайтириш, туризм хизмати кўрсатишнинг илғор жаҳон сифат стандартларини жорий этиш; 

- республика минтақаларида туризм инфратузилмасининг замонавий объектлари, энг аввало меҳмонхоналар, транспорт-логистика тузилмалари, муҳандислик-коммуникация инфратузилмасини жадал ривожлантириш, ушбу мақсадлар учун хорижий инвестицияларни кенг жалб этиш;