“Қариндошга, мискин ва йўловчига (хайр-эҳсон қилиш билан) ҳақларини адо этинг ва исрофгарчиликка мутлақо йўл қўйманг. Чунки, исрофгарлар шайтоннинг биродарларидир. Шайтон эса, Парвардигорига нисбатан ўта ношукр эди” 
(Исро сураси, 26-27-оятлар)

Ҳаётий воқеа

Туғруқхонада ҳар куни байрам! Қимматбаҳо машиналарда одамлар гўёки кимўзарга ўзлари учун бебаҳо бўлмиш чақалоқларини карнай-сурнай садолари остида келин-куёвлардек ясантириб, одамларни жалб қилиб, ўзларича хурсанд бўлиб олиб кетишмоқда. Бу ёнда карнай-сурнай овози, бу ёнда ҳомиладорларнинг туғруқ олди овози, янги туғилган чақалоқлар йиғисининг овози, бу ёнда “Маша” ва “Айиқполвон” ҳамда бошқа мультфильм қаҳрамонлари тимсолида кийиниб олган йигитчаларнинг ёш оталарга ҳазил аралаш йўлтўсарликлари... 

Шарлар, гуллар, ясанган одамлар.., кимлар хурсанд гул кўтариб келган. Кимлар ғарибгина халтаси билан кимнидир кўргани келган. Кимдир деразадан бўлаётган дабдабага ўксинибгина, хўрсинибгина кўзларини жавдиратиб кузатиб турибди.

Туғруқхона гўёки туғруқхона, чиллахона эмас, исрофгарчиликлар майдони, кимгадир тирикчилик майдони, ҳаёт майдонидай.

Аслида қадимда момоларимиз туғаётган аёлнинг дардини бошқалардан сир тутишган. Аёл туғиб бўлгач, яна уни ва гўдакни қирқ кун чилла сақлаб бошқа бировларнинг, бегоналарнинг назаридан эҳтиёт қилиб, яқинлаштиришмаган. Она ва боланинг бахти, келажаги, соғлиги учун шундай қилишган. 

Эҳ, дунё, бевафо дунё... Нима тўғри-ю, нима нотўғрилигини бола туғилмасидан аввалроқ билганимизда қани эди. Ҳаёт ташвишлари-ю, қувончларига тўла бу синовли замонда ҳар кимнинг ўз насибаси, тақдири, бахти, фожиаси бор... Аммо бандаси ношукрлиги туфайли, сабрсизлиги туфайли нафсини шайтоннинг гапига кириб қолганини, адашганини билмай қолар экан ....

Мана, Нодира ҳам кўзи ёриб ўғиллик бўлди. Икки қиздан сўнг ўғил. Қандай бахт! Эри Собиржон ҳам дунёда энг бахтиёр ота! Нодира эрини эрталабдан бери кутиб ўтирибди. Биринчи қават деразасидан эрининг келаётганини кўриб, қувониб кетди. У ширин хаёллар оғушида бўлса-да, атайлаб эрини кўриб эркалик қилиб аразлаб олди. Чақалоғининг овқат сўраб йиғлаганини ҳам эшитмасди, ё эшитса ҳам парво қилмай, эри келишига айтадиган гапларини ўйлаб, режалар тузиб чиқди. Унинг бошқалардан қаери кам?! Мана энди унинг ҳам эри олдида тили узун. Энди у ҳам туғруқхонадан “лимузин”да чиқади. Дўст-душманлари бир кўриб қўйсинлар, ичлари куйиб ўлсинлар, дерди ўзича ичида.

Шу лаҳзаларда Собиржон ҳам ўғиллик бўлганидан хурсанд бўлсада, бу ёғига тўрт жонни, онаси, ўзи билан олти жонни қандай боқишнинг ғамини еб, ташвишларини ўйлаб-ўйлаб, туғруқхонага етиб келганини билмай қолди. Аёлини, ўғлини ўйлаб кўнгли пича ёришди. Ўзинга шукр Аллоҳим, тирик яратганни қуруқ яратмагансан. Ризқимизни ҳалолидан ўзинг етказ, тинчлик хотиржамлик билан бер, деган ўйлар билан туғруқхонага кириб келди. Эшик олдида турган аёлга, хотинига олиб келган нарсаларини бериб юбориб, Нодирани чақирди.