Жаҳонга машҳур "Чегара билмас шифкорлар" (фр. Medecins Sans Frontieres (MSF) халқаро ташкилоти 1971 йилнинг 20 декабрида, Нигерияда давом этаётган фуқаролик уруши фонида Париж шаҳрида бир гуруҳ шифокорлар ва журналистлар томонидан яратилди. Ўзининг деярли ярим асрлик хизмати давомида MSF бутун дунёдаги муҳтожларга тиббий ва гуманитар ёрдам кўрсатиб келмоқда. ТАСС агентлиги шу ҳақида маълумот билан улашди.
"Чегара билмас шифокорлар" мутахассислари MSF ходимларининг қандай қийинчиликларга дуч келаётгани ва шифокорларнинг қайси хислатларга эга бўлиши кераклиги ҳақида сўз юритишди.
Стрессга тайёр туриш

MSF'да ишлаш мутахассиснинг ҳамма нарсага тайёр туришини кўзда тутади: жой ўзгартириш, ҳар қандай об-ҳаво шароитлари, тинимсиз хизмат кўрсатиш ва бутун дунё кишилари билан осон мулоқотга киришиш. Бу ҳақида ташкилотнинг молиявий координатори Майя Теренина маълумот берди.
"Мен MSF'га 1991 йилда, ташкилот эндигина Россияга кўчиб ўтганда ишга кирдим. Дўстларим мени кўнгиллилар қаторида хизмат қилишга чақиришди. Мен хизматни Москвада бошладим, кейин эса бошқа мамлакатлардаги лойиҳаларга экспат сифатида йўл олдим".
Майя Теренина
Теренинанинг сўзларига кўра, унда энг катта таассурот қолдирган жой - зилзиладан кейинги Покистон бўлган. У Покистонга 2005 йилда - даҳшатли зилзиладан 10 кун ўтиб борган.
Майя Теренина жамоадаги муҳит иш шароитига боғлиқ, деб ҳисоблайди.
"Миссия қанчалик қийин бўлса, жамоадаги муносабатлар шунчалик осон кечади. Инсонлар фавқулодда вазиятларда ўзларини энг яхши томондан намоён этишади", - дейди Майя.

Унинг фикрича, MSF ходимининг энг муҳим уч хислати - шахсий сиёсий ва диний қарашларга тобеъ бўлмаслик, мулоқотга киришиш хусусияти ва стрессга чидамлилик.
Жамоада ишлаш

Дунёнинг 60дан ортиқ мамлакатида MSF'нинг турли соҳалари - тиббиётдан тортиб то муҳандислик ва маъмурий фаолиятгача - 30 мингдан зиёд киши хизмат қилади. Шифокор-жарроҳ Ярослав Свиридов нима учун бу ташкилотга келгани ва иш жойидаги ўзига хос муҳит ҳақида сўзлаб берди.










