13:48 / 22.12.2016
5219

Korean Air учувчиларининг иш ташлаши сабаб 18та авиарейс бекор қилинди

Фото: ТАСС

Жанубий Кореянинг энг йирик авиакомпанияси Korean Air учувчилари 10 кунлик иш ташлашни бошлашди. Авиаташувчи вакилларининг хабар қилишларича, ушбу норозилик акцияси муносабати билан 18та парвоз, шу жумладан 4та халқаро рейс бекор қилинган. 

"Компания йўловчиларга етказиладиган ноқулайликларни камайтиришга ҳаракат қилмоқда", - дейилади хабарда. Korean Air маълумотларига кўра, бекор қилинган халқаро рейслардан иккитаси Японияга бўлиб, бири Токио, иккинчиси Осака шаҳрига амалга оширилиши керак бўлган. 

Korean Air учувчиларининг сўнгги 11 йилдаги биринчи иш ташлаши касаба уюшмаси вакиллари ва компания раҳбарияти ўртасидаги маошларни 34 фоизга ошириш бўйича музокаралар бесамар якунланганидан сўнг бошланган. 

Касаба уюшмаси, шунингдек, меҳнат шароитлари яхшиланишини ҳам талаб қилмоқда. Бу эса, авиаташувлар хавфсизлигини оширишга ёрдам беради. 

"Компанияда фаолият юритувчи 2,3 минг учувчидан 189 нафари иш ташлашда қатнашмоқда, - дейилади касаба уюшмаси хабарида. – Бу йўловчиларга етказиладиган ноқулайликларни имкон қадар камайтириш ҳамда ишни давом эттираётган учувчиларга қўшимча юклама бермаслик имконини беради". Иш ташлашлар 31 январгача давом этиши режалаштирилган.

 

Top