Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 28 декабрь куни «Ўзбекистон фахрийларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш «Нуроний» жамғармаси фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармонни имзолади. Ҳужжат матнини ЎзА келтирди.

Ўзбекистон фахрийларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш «Нуроний» жамғармасининг фаолиятини янада такомиллаштириш, шунингдек, кекса ёшдаги фуқароларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизими самарадорлигини янада ошириш, уларнинг мамлакат ижтимоий-сиёсий ҳаётида тўла ҳуқуқли иштирок этиши учун зарур шарт-шароитлар яратиш, катта авлоднинг жамият, оилалар ва маҳаллаларда тинчлик ва осойишталикни таъминлаш, шунингдек, ёш авлодни халқимизнинг кўп асрлик анъаналарини ҳурмат қилиш руҳида тарбиялаш ишидаги ролини ошириш мақсадида:

1. Ўзбекистон фахрийларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш «Нуроний» жамғармаси таъсис мажлисининг Жамғарма номини Ўзбекистон фахрийларининг ижтимоий фаолиятини қўллаб-қувватлаш жамоат бирлашмаси шаклидаги «Нуроний» жамғармаси (кейинги ўринларда «Нуроний» жамғармаси деб аталади) этиб ўзгартириш ва унга қуйидаги асосий вазифаларни ҳал этишни юклаш ҳақидаги ташаббуси маъқуллансин:

фахрийларнинг Ўзбекистонни янгилаш ва ривожлантиришнинг маънавий-ахлоқий негизларини мустаҳкамлашда мамлакатнинг ижтимоий-сиёсий ҳаётида фаол иштирок этиши учун зарур шарт-шароитлар яратиш, оқсоқоллар, кекса ёшдагилар ва ногиронларни ёшларни Ватанга муҳаббат, кекса авлод кишиларини ҳурмат қилиш, эзгулик ва раҳмдиллик сингари халқимизнинг кўп асрлик анъаналарини ҳурмат қилиш руҳида тарбиялашга йўналтирилган ижтимоий фаолиятга жалб этиш;

кексаларнинг ҳаёти даражасини ошириш, пенсияга чиққандан кейин уларнинг юқори ижтимоий фаоллигини, шу жумладан, уларнинг мамлакат ижтимоий-сиёсий ҳаётидаги иштирокини ва давлат органлари фаолияти устидан жамоатчилик назоратини амалга оширишдаги иштирокини қўллаб-қувватлаш;

кексалар учун назарда тутилган пенсиялар ва имтиёзлар бўйича қонун ҳужжатлари қоидалари ижроси устидан жамоатчилик назоратини таъминлаш, ушбу масалада давлат бошқаруви органларига ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларига кўмаклашиш, эҳтиёжманд кексаларни ва аҳолининг бошқа қатламларини ижтимоий қўллаб-қувватлаш ва тиббий ёрдам билан таъминлаш, ушбу мақсадларда ишлаб чиқариш, тижорат, ноширлик, хайрия тадбирларини ва бошқа тадбирларни амалга ошириш;

фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари билан биргаликда оилаларда тинчлик ва хотиржамликни таъминлаш, ёлғиз кишилар ва эҳтиёжманд кексаларни ижтимоий ва моддий қўллаб-қувватлаш, шунингдек, уларнинг биринчи навбатдаги эҳтиёжлари қондирилишида ҳар томонлама ёрдам бериш;

кексалар учун уларнинг ёшини ҳисобга олган ҳолда ҳар хил ижтимоий-маданий тадбирлар, телемарафонлар, махсус спорт мусобақалари, кекса ёзувчилар, артистлар, хонандалар, рассомларни ва ижодий зиёлиларнинг бошқа вакилларини таклиф этган ҳолда ижодий кечалар ташкил этиш.