Мактабгача таълим тизимини янада такомиллаштириш, моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, мактабгача таълим муассасалари тармоғини кенгайтириш, малакали педагог кадрлар билан таъминлаш, болаларни мактаб таълимига тайёрлаш даражасини тубдан яхшилаш, таълим-тарбия жараёнига замонавий таълим дастурлари ва технологияларини татбиқ этиш, болаларни ҳар томонлама интеллектуал, ахлоқий, эстетик ва жисмоний ривожлантириш учун шарт-шароитлар яратиш мақсадида:

1. Қуйидагиларни ўз ичига олган Мактабгача таълим тизимини янада такомиллаштириш бўйича 2017-2021 йилларга мўлжалланган дастур (кейинги ўринларда Дастур деб юритилади):

мактабгача таълим тизимини янада такомиллаштириш бўйича 2017-2021 йилларга мўлжалланган чора-тадбирлар режаси 1-иловага мувофиқ;

2017-2021 йилларда мактабгача таълим муассасаларини янгидан қуриш, реконструкция қилиш ва мукаммал таъмирлашнинг асосий параметрлари, молиялаштириш ҳажми ва манбалари 2, 3-иловаларга мувофиқ;

2017-2021 йилларда мактабгача таълим муассасаларида болаларни мактаб таълимига тайёрлаш бўйича қисқа муддатли гуруҳларни ташкил қилишнинг асосий параметрлари 4-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

2. Дастурнинг асосий мақсадли вазифалари ва йўналишлари этиб қуйидагилар белгилансин:

илғор хорижий тажрибани ҳисобга олган ҳолда болаларни ҳар томонлама интеллектуал, ахлоқий, эстетик ва жисмоний ривожлантириш шароитларини яратиш;

мактабгача таълим сифатини ошириш, мактабгача таълим муассасаларида болаларни мактабга сифатли тайёрлашни тубдан яхшилаш, таълим-тарбия жараёнига жаҳон амалиётида кенг қўлланиладиган замонавий таълим дастурлари ва технологияларини жорий этиш;

мактабгача таълим муассасаларида 5-6 ёшдаги болаларни мактаб таълимига тайёрлаш бўйича 6100 та қисқа муддатли гуруҳни ташкил этиш;

замонавий педагогик технологиялар ва услубларни инобатга олган ҳолда мактабгача таълим муассасаларига педагог кадрларни тайёрлаш ва малакасини оширишнинг ўқув режа ва дастурларини такомиллаштириш;

2200 та мактабгача таълим муассасасининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, шу жумладан қишлоқ жойларда мактабгача таълим муассасаларини янгидан қуриш, уларни замонавий талабларга жавоб берадиган инвентарь, жиҳоз, ўқув-методик қўлланмалар ва мультимедиали воситалар билан таъминлаш.

3. Мактабгача таълим тизимини янада такомиллаштириш бўйича 2017-2021 йилларга мўлжалланган дастурнинг бажарилишини мувофиқлаштирувчи республика комиссияси (кейинги ўринларда Республика комиссияси деб юритилади) таркиби 5-иловага мувофиқ тасдиқлансин.