Инсонлар ўзларига берилган қимматли умрни беҳуда ишлар билан ўтказишлари дуруст эмас, албатта.

Лекин орамизда баъзи бир одамлар борки, вақтларини зое кетказиб, қимматли умрларини гуноҳ ишларга сарф этадилар. Маст қилувчи ичимликларни ичиб, талончилик, бузғунчилик ва ўғирликка қўл урадилар. Юзларидан ҳаё пардаси кўтарилиб, ор-номусдан айриладилар.

Бир куни Илм ва Ор-номус учрашиб қолибди. Илм айтибди: «Агар мен йўқолиб қолсам, масжид ва мадрасалардан изланглар». «Агар мен йўқолиб қолсам, - дебди Ор-номус, - излаб, овора бўлманглар, ҳеч қаердан тополмайсизлар...».

Дарҳақиқат, ор-номусидан айрилиб, шаънига доғ туширган инсонлар аввалги мартабаси-ю, мавқеини тиклаб олишлари даргумон. Бу уларнинг ҳаётида бир умр қора доғ бўлиб қолади. Айниқса, ўғирлик қилиб қўлга тушган инсондан ҳамма қочади. Ўғри деган ном тавқи лаънатдек ҳамиша унинг исмига тақалади. Ҳамма тинч, фароғатда яшаса, ўғри доимо ҳавфда, изтиробда, пана-пастқамда умр кечиради. Унинг ёмонлигидан одамлар нотинч бўлади.

Ундайлар ҳақида Расули Акрам (соллаллоҳу алайҳи васаллам) дебдурлар: «Қиёмат кунида одамларнинг энг паст даражалиси дунёда одамлар унинг ёмонлигидан нотинч бўлган кишидир».

Бошқа бир Ҳадисда эса: «Мўминларнинг молини ноҳақ ўзлаштирадиган кишилар Қиёмат кунида дўзахга тушурлар», дейилган.

Абу Лайс Ас-Самарқандий ҳазратларининг «Танбеҳул ғофилийн» асарида бу ҳақда қуйидаги жумлаларни ўқиш мумкин: «Ким ўн дирҳам ўғирласа, унинг қўли кесилади. Мусулмон кишининг қўли ўн дирҳамнинг ҳурматидан эмас, балки икки иш сабабидан кесилади: мўминлар ҳаётини оёқ-ости қилгани ва Аллоҳ тақсим қилган нарсага рози бўлмагани учун. У бошқанинг молига кўз олайтирди. Тангри таоло унинг қилган иши сабабли жазо сифатида ва Яратганнинг бошқа тақсимотига рози бўлмайдиганларга ибрат учун кесишга буюрди».

Босқинчилик қилиб, бировларнинг қонини тўкиб, молини талаётган ёки пайт пойлаб ўғирлик қилган кишилар ўзларини мўмин деб аташга ҳақлари йўқ. Чунки Ислом дини кишиларни иймон ва инсофга чорлаб, уларни ҳаромдан, бузғунчиликдан қайтаради.

Ҳазрати Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо (соллаллоҳу алайҳи васаллам) марҳамат қилиб дебдурлар: «Мўмин одамни сўкиш - фосиқлик, ўлдириш - кофирликдир. Унинг моли ҳурмати - қонининг ҳурмати кабидир, яъни, қонини тўкиш қандай ҳаром бўлса, молини олиш ҳам шундай ҳаромдир».

Расули Акрам (соллаллоҳу алайҳи васаллам) яна бир Ҳадисда: «Ўғирлик - катта гуноҳ. Хатто, ўғирланган молни билиб туриб сотиб олган одам ҳам шу гуноҳга баробар шерикдир», - деб марҳамат қилибдур.