Таниқли спорт журналисти Қаҳрамон Асланов ФИФАда кутилаётган жиддий ўзгариш ҳақидаги хабар тарқалиши ортидан тезкорлик билан бу янгиликка муносабат билдириб чиқди. Унинг "Сал қолишига сал қолади" номли мақоласи ЖЧ-2026 иштирокчилари сони ошиши Ўзбекистон миллий терма жамоасининг мундиалга чиқиш имкониятларига қай даражада таъсир кўрсатиши ҳақида.
2026 йилдаги жаҳон чемпионатида иштирокчилар сони 48тага етказилиб, Осиёга 8.5 ўрин берилар экан. Бир қараганда, яхши хабар. Бир пайтлар ҳамкасбларим билан шу мавзуда баҳслашгандик. “Агар Осиёга 5-6 ўрин берилса, аниқ чиқамиз” деганди кимдир. Ростанам, мантиқанам, тўғридек. Сўнгги саралашда масалан кучли 6 таликка кирдик, охиргидан олдинги Осиё чемпионатида тўртликда эдик. Рейтингда ҳам доим тўртинчи-бешинчи ўринларда юрамиз.
Аммо, биласизми, мен бунга ишонмайман. Тўртинчи ўрин учун курашиб, бешинчи бўлиш бошқа, олтинчи ўрин учун курашиб олтинчи бўлиш бошқа.
Иккинчиси қийинроқ. Иккинчиси вазифа бажарилганлигини англатади, вазифани бажариш эса доим максимал меҳнат талаб қилади. Ҳозирку, баъзи Осиё жамоалари уйқуда, биз кўпинча, Хитойни, Қатарни енгмоқдамиз. Лекин йўлланмалар сони ошса, энди улар ҳам, ЖЧга чиқиш учун Японияни эмас, Ўзбекистонни ортда қолдириш кифоя эканини билиб қолишса, кураш бошқача бўлади, ишонаверинг.
Оддий мисол, охирги саралаш ўйинлари. Ҳа, биз 14 очко тўпладик, ҳа биз сўнгги турнинг сўнгги дақиқаларигача имкониятни сақлаб турдик, плей-оффда ўйнадик. Ҳа. Аммо курашдикми? Йўқ. Биз ўйнадик холос. Ютганимизда чиқардик, ютолмадик, чиқолмадик.
Эсингизда бўлса, тақвим бўйича охирги турдаги Корея – Эрон учрашуви соат 17.00да, бизнинг Қатарга қарши ўйинимиз эса, соат 18.00да бошланиши кўзда тутилганди. Икки ўйин бир бирига чамбарчас боғлиқ, агар нариги ўйинда Эрон ютқазса, биз Қатарни ютишимиз керак. Уёқда дуранг бўлса, Қатарни 4 тўп фарқи билан ютишимиз керак. Агар Эрон ютадиган бўлса, Қатарга жавобсиз 6 гол уришимиз шарт. Яъни, ҳар қандай ҳолатда ҳам, нариги ўйин натижаси бизга имконият қолдирарди, ҳаммаси ўз қўлимизда эди.
Эрон курашди. ФИФА га хат ёзиб, ҳар икки учрашувнинг бир вақтда ўтказишни сўради. Талаб қилмади, регламентда йўқ бунақа нарса, талаб қилолмасди, сўради холос. ФИФА ҳам жавобан бизга тавсия қилди, сўради. Талаб қилмади, регламентда йўқ, мажбур қилолмасди, сўради холос.
Ёзнинг жазирамаси. Бундай иқлимда, соат бешда олтита гол уриш тугул, ўйнаш ҳам осон эмас. ФИФАга мана шуни тушунтириш кифоя эди, Аргентина билан ўртоқлик ўйинини келишишдан бирмунча осон. Йўқ. Рози бўлдик.














