8 январь куни Туркия ОАВ янги йил кечаси Истанбулда амалга оширилган теракт эҳтимолий ижрочисининг номини ошкор қилди. У Абу Муҳаммад Хуросоний номи билан ҳам таниш бўлган ўзбекистонлик Абдулгадир Машариповдир, деб хабар қилган Туркия ОАВ.
Ижтимоий тармоқларнинг ўзбек гуруҳларида ўзбекистонликнинг мазкур терактга алоқадорлиги бўйича расман тасдиқланмаган ушбу хабар кенг муҳокамаларга сабаб бўлди, деб ёзмоқда Подробно.уз сайти.
Туркия ОАВнинг ёзишича, полиция жиноятни содир этишда келиб чиқиши ўзбекистонлик бўлган Абдулгадир Машариповни гумон қилмоқда. Унинг қаерда экани номаълум, қидирув ишлари бутун мамлакат бўйлаб давом эттирилмоқда.
Ўзбекистонликларнинг аксарияти эса, ватандошларининг ушбу хунрезликка алоқадорлигига ишонишмаяпти. Шу билан бирга, улар мазкур ахборотни Туркия расмий идоралари тасдиқламаганини ҳам қайд этишган. Бундан ташқари, тармоқ фойдаланувчилари ўзбек тилида "Абдулгадир" исми йўқлигини ёзишган.
"Ким у аслида?! Дастлаб ўзбек дейишди, кейин қирғиз, кейин уйғур, энди яна ўзбек!!", - деб ёзади изоҳ қолдирганлардан бири.
"Бу туркларнинг ўзи ким ўқ узганини билмайди, бир қарасанг қирғизистонлик, кейин америкалик, энди ўзбекистонлик дейишяпти. Хулоса чиқаришдан олдин, яхшилаб аниқлаб олинглар", - дейди яна бир фойдаланувчи.
"Осиёликлар бир-бирига ўхшайди. Ҳар қалай қардош халқлар, шу сабабли турклар аниқлай олмаяпти ва кимни айбдор қилишни билмаяпти", - дея фикр юритади бошқа бири.
Шу билан бирга, ижтимоий тармоқ фойдаланувчиларнинг кўпчилиги Туркия ҳуқуқ-тартибот идораларининг заиф фаолият юритишини қайд этишган. Улар ёки қасддан ёки саводсизлиги сабабли тергов жараёни хусусида ОАВда маълумот бериб боришади. Шу билан миллатлараро келишмовчилик уруғини сепишади.
Бошқа бир ўзбекистонлик, "мен террорчи турклардан бири бўлиб чиқса ажабланмайман. Бундай дейишга асос бор! Улардан бири Россия элчисини ўлдирди! Уларда миллий ва давлат хавфсизлиги соҳаси заиф! Тузилмалар ишламайди ёки ўз фойдасига ўйин кўрсатади!", - деб қайд этган.
"Жиноятчининг миллатини кўрсатгунча, ишлаш, ушлаш керак. Ёзда ҳамма малакали кадрларни ҳайдади, фақат илмсизлари қолди!", - деб ёзган бошқа бир фойдаланувчи.
Яна бир жиҳат шундаки, ўзбекистонликларнинг аксарияти, содир этилган воқеа мамлакатлар ўртасидаги муносабатлар ёмонлашишига олиб келади, деб ишонмоқда.















