АҚШнинг 45-президенти Дональд Трамп Капитолий биноси майдонида қасамёд қилганидан сўнг, илк расмий маърузасини қилди. Трамп, даставвал, ҳокимиятни силлиқ топширишга ҳисса қўшгани ва АҚШга хизмат қилгани учун Барак ва Мишель Обамаларга миннатдорлик билдирди. Шундан сўнг, маърузасининг асосий қисмига ўтди.  

АҚШ бошқаруви Америка халқига қайтади

45-президентнинг таъкидлашича, у ҳокимиятни Вашингтондан халқга қайтаради. Трамп, шунингдек, Америка учун янги ривожланиш йўлини танлашини билдирди. 

"Вашингтон гуллаб яшнади, бироқ, унинг бойликлари халқ билан тақсимланмади", - деди АҚШнинг янги президенти. – Мамлакатимизнинг унутилган фуқаролари, бошқа унутилмайди". 

Унинг айтишича, "қайси партия ҳукуматни назорат қилиши муҳим эмас, халқ ҳукуматни назорат қилаяптими, йўқми, шу нарса муҳимдир". Трампнинг сўзларига кўра, АҚШ халқи мамлакатнинг ҳақиқий бошқарувчисига айланади. 

Америка вайрон бўлишдан тўхтайди

Дональд Трампнинг уқдиришича, одамлар яхши ишга эга бўлишни ва яхши таълим олишни истайди. Унинг баёнотига кўра, вайрон бўлаётган Американинг барбод бўлиши бугундан тўхтайди. 

Трамп илк маърузасида, шунингдек, Америка армияси ҳолдан тойганини таъкидлади. "Америка, ўз хавфсизлигини таҳдид остига қўйган ҳолда, бошқа мамлакатлар чегараларини ҳимоя қилди. Бироқ, булар ўтмишда қолди", - деди Американинг янги давлат раҳбари. 

Унинг сўзларига кўра, бундан аввал, ҳеч ким Америка ишчилари, оддий фуқаролари ва уларнинг фаровонлиги ҳақида қайғурмаган. "Биз бошқа мамлакатларни бой қилдик, мамлакатимиз бойлиги эса, якунланиб бораверди", - деди Трамп.

Трамп сўнгги нафасигача АҚШ учун курашади

Американинг 45-президенти АҚШ манфаатлари учун "сўнгги нафасигача" курашишини таъкидлади. "Биз, америкаликлар, бугун мамлакатимизни тиклаш бўйича буюк миллий чоралар кўришга киришамиз", - дея баёнот берди Трамп маърузасида.