2017 йил 19-20 январь кунлари Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев жойлардаги ижтимоий-иқтисодий аҳвол билан яқиндан танишиш мақсадида Қорақалпоғистон Республикасига ташриф буюрди. Давлат раҳбари мазкур сафари  доирасида республика халқ вакиллари ва фаоллари билан учрашди. Унда қатор долзарб масалалар ва муаммолар муҳокама қилинди, ошкора фикр алмашилди. 

Мажлис чоғида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси комплекс раҳбарларининг ушбу минтақа бўйича ахбороти тингланди, уларга зарур топшириқлар берилди. 

Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Улуғбек Розукулов (“Ўзавтосаноат” акциядорлик компанияси бошқаруви раиси - Экспорт салоҳиятини ва машинасозлик, автомобиль ва электротехника саноатини ривожлантириш, маҳсулотларни стандартлаштириш масалалари комплексининг раҳбари) сўзга чиқиб, Қорақалпоғистон республикасидаги ўзига тегишли соҳалар бўйича амалга оширилган ишлар, мавжуд камчилик хусусида сўз юритди. 

“Авваламбор, биринчиси, сифатсиз маҳсулот ва ускуналарнинг бозорга чиққани стандартлаштириш соҳасига тегишли бўлади ва агентликнинг ҳудуддаги лабораторияси бугунги замонавий талабга умуман жавоб бермаслиги маълум бўлди”, - деган Розукулов.

Шу ўринда, Давлатимиз раҳбари “Ўзстандарт” агентлигининг жойлардаги раҳбарлари хусусида очиқ ва танқидий фикрларини билдирди.

“Стандартнинг вилоятда ўтирган ҳар бир раҳбари магазинчи у, биласизми, улар солиқчи ва бошқалардан ҳам ёмонроқ, қўл қўйиб, пора олаверган. Бирорта стандартга мос бўлмаса ҳам қўл қўяверган, бу ҳаёт тарзи бўлиб қолган. Сиз эса, Улуғбек Убайдуллаевич, бу соҳани бир ёки икки йилгина бошқараётганингиз йўқ, шундай эмасми?”, - деган Шавкат Мирзиёев. 

Розукулов, ўз ҳисоботида давом этиб, маиший техникалар ишлаб чиқариш билан боғлиқ муаммони телевизорлар мисолида тушунтириб, улар 500-600 км узоқликда чиқарилиши, бу эса маҳсулотнинг таннархи ошишига олиб келишини таъкидлади. 

Шунга кўра, “19,2 млрд сўм сармоя киритиб, телевизорлар йиғиш йўлга қўйилса, 300 иш ўрни бўлади ва 82,5 млрд сўмлик маҳсулот ишлаб чиқариб, сотиш имконини беради”, - деган Бош вазир ўринбосари. 

Шундан сўнг, Розукулов машина трактор парклари хусусида сўз юритди. 

“Республикада жами 174 МТП (машина-трактор парки) ва 155 агротехсервис бор. Биз бу борада, уларни оптималлаштириш ва ихчамлаштириш бўйича чоралар кўряпмиз. Мос келмайдиган биноларда турганларини тугатиб, барча шароитлари бўлган янги паркларни ташкил этаяпмиз”